Uncategorized ЖАМИЯТ

«Аёл ва замон»-23 йиллик фаолият

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар натижаси ўлароқ барқарор ривожланиш тамойиллари йўлга қўйиб борилмоқда. Ҳар бир жабҳа, йўналиш ва соҳаларга алоҳида эътибор кучайтирилиб, жаҳон стандартлари асосидаги ривожланиш тизимлари яратилмоқда.

Барча даврларда бўлгани каби бирор бир соҳанинг равнақ топиб ривожланиши учун кенг кўламли ислоҳотлар, унга мос келувчи мустаҳкам меъёрий ҳуқуқий хужжатлар ишлаб чиқилмоғи лозим. Ҳар қандай ислоҳотлар замирида эса халқ манфаатлари ётади.

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида Сурхондарё вилоятида бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб келмоқда.

Айни пайтга қадар вилоятда соҳалар кесимида 589 та нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг 81 таси сиёсий партиялар,  166 таси касаба уюшма ташкилотлари, 32 таси эса деҳқон-фермер хўжаликлари ҳамда сув истеъмолчилари уюшмаларидан иборат. Мазкур ННТлар орасида  310 таси молиявий барқарор ННТлар ҳисобланади.

Вилоятда фаолият олиб бораётган айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг аъзоларига ҳам эга бўлиб, уларнинг сонини йилдан йилга ошириб бормоқда ва бугунги кунга келиб улардаги аъзолар сони 818 662 нафарни ташкил этмоқда.

“Аёл ва Замон” Сурхондарё вилоят аёллари ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш маркази  вилоят ННТлари томонидан халқаро миқёсда эълон қилинадиган танловларда ўзининг фаоллиги билан бошқа вилоятлар орасида етакчилардан бири десак муболаға бўлмайди. Хусусан, марказ халқаро йўналишдаги грант лойиҳаларини қўлга киритишда ўтган йиллар мобайнида самарали ишларини амалга ошириб, лойиҳалар бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Жумладан, 2020 йилда “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази билан ҳамкорликда давлат ижтимоий буюртмасини бажарди. Буюртма доирасида 5та вилоятда маҳаллий ривожланиш марказлари  (МРМ) ташкил этилди.  Ҳозирги пайтда “Аёл ва Замон” маркази қошидаги ташкил этилган МРМ грантлар жалб этган ҳолда ишни давом этмоқда.

Шу жумладан, Ўзбекистон ННТларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Муваффақият сари”  лойиҳа доирасида 370 ёш тадбиркор ва талабалар тадбиркорлик асослари мавзусида  ўқитилди. Олий мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ҳунар – оқар булоқ, илм- ёнар чироқ!” лойиҳаси доирасида 100та ишсиз аёллар ва ёшлар 3та йўналишда (қандолатчилик, сартарошхонлик, тикув-бичув курсларида) касб-ҳунарга ўргатилди.

-“Аёл ва Замон” маркази 2001 йил 20 мартда Сурхондарё адлия бошқармасида давлат рўйхатига олинган,- дейди марказ директори Гулнора Ходжаниёзова.- Марказимизнинг асосий йўналишлари ишсиз аёллар ва ёшларни касбий йўналишда қайта тайерлаш, ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонлигини оширишдан иборат. Фаолиятимиз давомида 5000  ортиқ аёллар ва ёшлар турли мавзуларда семинар ҳамда тренинглар, ҳамда ўқув курсларида ўқитилди.

Шунингдек, “Аёл ва Замон” маркази 2026 йилгача фаолият стратегиясини ишлаб чиққан. Стратегияда  марказ салоҳиятини ўстиришга қаратилган ҳаракатлар режалаштирганмиз. Бу ҳаракатлар ижтимой шерикчиликни кучайтириш, молиявий манбаларни кўпайтириш ва уставда кўрсатилган мақсад ҳамда вазифаларни бажаришга йўналтирилган.

Ҳозирги пайтда “Аёл ва Замон” Сурхондарё вилоят аёллари ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш маркази маҳаллий ривожланиш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, доимий молиявий манбалар яратиш ва кадрлар салоҳиятини ўстиришни асосий мақсадларидан бири қилиб белгилаган.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, «Аёл ва Замон» маркази 2005 йилдан буён ЎзННТМА таъсисчиси ҳам ҳисобланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай демократик  давлат ва жамият қурилишида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни юқори саналади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса фақат ва фақат ривожланиш, юксалиш сари етаклайди.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Инсон – жамият – давлат” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan