САЛОМАТЛИК Фойдали

Оёқлар нега шишади?

Оёқлар шиши – инсон саломатигида муаммолар борлиги ҳақида маълумот беради. Оёқларнинг катталашувининг биринчи сабаби – бу танада сувнинг ушланиб қолиши натижасидаги шиши ҳисобланиб, товонларнинг, болдирларнинг ва, ҳатто, юз-қўлларнинг шиши кузатилади. Агар оёқ шишлари узоқ вақт самолётда учгандан кейин, бир неча соатни оёқда тик туриб ўтказгандан кейин кузатилса – бу норма ҳисобланади. Оёқларнинг ҳар куни кечга бориб ёки юзларнинг кунда эрталаб турганда ёстиққа ўхшаб шишиши қуйидаги ҳолларда кузатилади:

Шикастланиш. 
Кўп ҳолларда енгил травмаларга эътибор бермасликка одатланганмиз. Аммо кейинча бу каби бўғимларнинг шикастланиши ёки пайларнинг чўзилиши натижасида оёқларнинг шишини кузатиш мумкин. Бу зарба ейилган жой (бўғим)нинг шиши шу жойга қоннинг оқиб келиши ҳисобига кузатилиб, оғриқ синдроми қўшилганда травматологга мурожаат қилиши кераклиги сўралади.

Ҳомиладорлик.
Шиш хомиладорликнинг охирги муддатларида кўпроқ кузатилиб, доимо врач назоратида туриш тавсия этилади. Оз миқдордаги шишлар хатарсиз. Аммо уларга бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши ёки хансирашнинг қўшилиши жиддий белги ҳисобланади. Бу қон босимининг ортаётганлиги ёки ҳомиладорликдаги преэклампсия холати хақида гапиради.

Лимфостаз.
Айрим ҳолларда организмда сувнинг ушланиб қолиши лимфа тизимининг етарли ишламаслиги ва организмнинг тозаланмаслиги ҳисобига кузатилади. Семириш ёки ўсма касалликлари натижасида лимфа тизимининг бутунлай издан чиқиши шишларга сабаб бўлади. Бундай пайтларда шишларни камайтириш мақсадида компрессион пайпоқларни кийиш тавсия этилади.

Хроник веноз етишмовчилик.

Маълумки қон томирлардаги қон тўқималарга кислородни бергач юракка веноз қон томирлари орқали узатилади. Айнан веноз томирларнинг қонни бир томонга йўналтирувчи клапан аппаратидаги етишмовчиликлар қоннинг димланиши ва шишларга сабаб бўлади. Бу ҳолат инсон ёши ўтган сари кўпроқ кузатилади.

Юрак етишмовчилиги.

Бунда юракнинг ўз фаолиятини тўлиқ бажара олмаслиги ва қонни етарли даражада ҳайдаб бера олмаслиги натижасида оёқ қон томирларида димланиш юзага келади. Бошқа белгилардан юракнинг тез уриши, жисмоний зўриқишлардаги хансираш, доимий чарчоқлик кузатилади.

Буйрак касалликлари.

Буйрак қонни фильтрлаб турли чиқиндилардан тозалайди. Буйрак фаолияти етишмовчилиги организмда ортиқча сувнинг ушланиб қолиши ва оёқ шишларига сабаб бўлади. Буйрак муаммолари ҳақида эрталабки юздаги шишлар ва кўзларни остидаги қовоқ осилиши ҳам хабар беради.

Жигар касалликлари.

Кўп алкогол истеъмол қилиши ёки сурункали гепатит ҳисобига жигар хужайраларининг ўлиши ва уларнинг ўрнига фиброз тўқиманинг ўсиб кириши кузатилади. Натижада жигар фильтрация функциясини бажара олмайди ва организмда сувнинг ушланиб қолишига олиб келади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan