САЛОМАТЛИК

Соч тўкилиши сабаблари ва давоси

Соч турли сабаблар билан тўкилиши мумкин. Биринчи навбатда, сочларни парвариш қилишда нотўғри усуллардан фойдаланиш, мисол учун соч ювишда, бўяшда, турмаклашда йўл қўйилган хатолар соч тўкилишини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, организмдаги ўзгаришлар ҳам соч тўкилишига олиб боради.

Ҳар куни ўртача 50 тадан 100 тагача соч толаси тўкилиши меъёрий ҳолат ҳисобланади. Бундан
хавотир олмаса ҳам бўлади, чунки тўкилган толалар ўрнига янгиси ўсиб чиқади. Айтилган миқдордан
кўп тўкилган ҳолатга касаллик деб қаралади.

Соч танамиздаги энг тез таъсирланувчи аъзодир. Шунинг учун ҳам унга доимий парвариш
лозим. Ҳаёт ташвишлари, одамни қайғуга соладиган ҳолатлар, ҳатто фасллар алмашиши ҳам биринчи
навбатда сочларимизга таъсир этади. Аёлларда соч тўкилиши гормонал ўзгаришлар, турли
ҳиссиётларга берилиш натижасида содир бўлади.

Соч тўкилишининг уч асосий сабаби бор:

Биринчиси: соч тўкилиши насл суради. Бунда аёл кишининг бувиси, онасининг сочлари эрта тўкилган бўлса, унда ҳам бу жараён такрорланади. Улар 20 ёшга тўлганларидан сўнг сочлари
одатдагидан кўпроқ тўкилишни бошлайди. Наслга ўтадиган соч тўкилиши олдини олиб бўлмайди.

Иккинчиси: турли юқумли касалликлар, гормонал ўзгаришлар (масалан, ҳомиладорлик, туғиш жараёнидан сўнг соч тўкилади), дори воситалари, руҳий сиқилишлар ҳам соч тўкилишига сабаб бўлади. Бунда соч тўкилиши олдини олиш чораларини кўриш мумкин. Махсус тиббий воситалар, уй шароитида тайёрланган ниқоблар самара беради.

Учинчи сабаби: соч турмаклашда, бошқа ҳолатларда сочга турли кимѐвий воситаларни ишлатиш соч тўкилишига, жилосини йўқотишига олиб келади.

Замонавий косметика маҳсулотлари соч тўкилишига сабаб бўладими?

Замонавий косметика воситалари таркибида соч учун зарур моддалар бўлишига қарамасдан, улардан фойдаланишда таркибига эътибор бериш талаб этилади. Масалан, соч учун ишлаб чиқарилган ниқоблар баъзан бош териси фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади. Шунинг учун бундай ниқоблардан ҳафтада 1 мартадан кўп фойдаланиш тавсия этилмайди. Замонавий воситалар билан табиий воситаларни аралаштириб қўллаш сочнинг эрта тўкилиши олдини олади.
Саноатда ишлаб чиқарилаётган шампун, шунга ўхшаш ювиш воситаларининг ҳаммаси ҳам бирдек зарарли эмас. Таркиби фаол моддалар билан бойитилган ювиш воситалари соч тўкилишига сабаб бўлмайди.

Соч тўкилиши олдини олиш учун ниқоблар:

1. Барча турдаги сочлар учун ниқоб. Бу ниқобни тайёрлаш учун ўсимлик мойи билан
канакунжут мойи 1:9 нисбатда аралаштириб соч илдизларига суртилади. Сўнг бошга целлофан қалпоқ
кийиб, 1 соатдан кейин ювиб ташланади. Сочни ювишда қуруқ сочларга мўлжалланган шампундан
фойдаланиш керак. Ушбу даво усули ҳафтада 2 марта, жами 10 марта такрорланади.

2. Қуруқ сочлар учун ниқоб. 1 дона тухум, 1 чой қошиқ глицерин, 1 чой қошиқ сирка, 2 ош қошиқ канакунжут мойи аралаштирилиб, соч илдизларидан то учигача суртилади. Бошга иссиқ қилинган сочиқ ўраб қўйилади. Сочиқни икки-уч марта алмаштириш лозим. Соч керагича намлангандан сўнг тухум сариғи экстракти қўшилган шампун ёрдамида ювилади. Ушбу даволаш усули ҳафтада икки марта бажарилади.

3. Қуруқ, нормал сочлар учун намлантирувчи ниқоб. Бу ниқоб соч толаларини, илдизларини
намлантиради, тўкилиши олдини олади. Ниқобни тайёрлаш жуда осон. Бунинг учун 37 даражагача
қиздирилган қатиқ соч толаларига, бош терисига суртилади. Устидан пергамент қоғоз билан ўраб,
илиқ сочиқ ёпилади. 20-30 дақиқадан сўнг сочга яна қатиқ суртилиб, бош териси бармоқ учида енгил
массаж қилинади. Кейин соч илиқ сувда, шампунсиз яхшилаб ювиб ташланади.

4. Ёғли сочлар учун ниқоб. 1 чой қошиқ асал, 1 чой қошиқ лимон шарбати, 1 бўлак эзилган саримсоқ, 1 чой қошиқ столетник шарбати аралаштирилиб, нам сочга суртилади. Бошга полиэтилен қалпоқ кийиб, сочиқ билан яхшилаб ўралади. 30-40 дақиқа ўтгандан сўнг сочни илиқ сувда совунсиз ювилади.

Саримсоқ ҳидини кетказиш учун хантал қўшилган сувда ювиб, тоза сув билан чайиб ташланади.