ЖАМИЯТ САЛОМАТЛИК

Сурхондарё вилоятида коронавирус касаллиги ва унинг олдини олиш бўйича расмий маълумот

(2020 йил 14 июлъ ҳолатига кўра)

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг тобора ортиб бориши сабабли карантин қоидалари қатъий тартиб тусини олди.  Бироз енгилликлар берилиши натижасида кун сайин касалланган фуқаролар кўпайиб, энг ачинарлиси, ўлим кўрсаткичлари ҳам юқорилаб бормоқда. Айтиш жоизки, фуқароларига соғлом турмуш тарзини яратиш, турли оммавий касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, халқнинг соғлом кўпайишини ташкил этиш ҳар бир давлат олдидадаги устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, ушбу давлат функцияси бугун учун жуда муҳим касб тутиб, касалликнинг олдини олиш, беморларга, умуман, фуқароларга ёрдам кўрсатиш борасида мамлакатимизда, шунингдек, вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.

2020 йил 14 июль ҳолатига кўра, вилоятда жами аниқланган беморлар сони 258 нафар, уларнинг 151 нафари соғайган бўлиб, 101 нафари эса даволанишда давом этмоқда. Шу кунгача 6 нафар ўлим ҳолати қайд этилган.

Вилоят ҳудудида жами 13653 нафар фуқаролар март ойидан ҳозиргача бўлган ҳолатда, кузатувда бўлиб, уларнинг 149 нафари чет эл, 13504 нафари Ўзбекистон фуқароларини ташкил қилади. Кузатувдагиларнинг 11347 нафари 14 кунлик тиббий кузатув муддатини тугаллаб, ҳолати қониқарли деб топилган.

2020 йил, 14 июль ҳолатига кўра, 1119 нафар фуқаролар яшаш хонадонларида, 537 нафар фуқаролар юқумли касалликлар шифохоналарида, махсус муассасаларда 650 нафар, жами 2306 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган.

Шунингдек, вирусга қарши даволаш масканларида жами 7 нафар, шулардан 4 нафари шифокор, 1 нафари кичик тиббиёт ходими ва 2 нафар хамшираларда COVID-19 инфекцияси аниқланган.

Умумий ҳисобда мамлакатимизда ҳозиргача бўлган вақтда 14293 кишида вирус аниқланган бўлиб, улардан 68 нафар ўлим ҳолати қайд этилган. Ушбу кўрсаткич билан Ўзбекистон жаҳонда 64-ўринни эгалламоқда.

Оғриқ оз бўлмасин, барибир оғриқ, ўлим эса, қанча ғам-андуҳларга сабаб бўлади. Шундай экан, бугунги синовли кунларда халқимиз вазиятнинг кескин эканлигини ич-ичидан ҳис қилиб, бир ёқадан бош чиқариши, бирга курашиш кераклиги нақадар муҳим эканлиги реал ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда.

Айтмоқчи бўлганимиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилинг: муҳим бўлмаса, кўчага чиқишдан сақланинг! Санитарик ҳимоя воситалари, ниқоб, қўлқоп ва антисептик воситалардан мунтазам равишда фойдаланишни унутманг! Ўзингиз ва ўзгалар соғлиғига бефарқ бўлманг!

Элёр Алимарданов,

 Сурхондарё вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази матбуот хизмати котиби

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan