Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган референдумда юз ва юз ёшдан ошган пиру-бадавлат отахон ва онахонлар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Шўрчи туманидаги 544-референдум участкаси Оқтумшуқ маҳалласида фаолият юритмоқда. Бугун шу маҳаллада яшовчи 105 ёш билан юзлашган Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов референдум участкасида келгуси авлодлар бахту-камоли учун овоз берди.
–Билагимизнинг энг кучга тўлган даврлари оғир қийинчилик билан ўтди, – дейди Раҳмонберди бобо. – Кейинги йилларда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ёшимга ёш қўшмоқда. Белимга қувват бермоқда. Бундай эътибор мени ёшларга панд-насиҳат бериб, уларнинг тарбиясига эътибор қаратишга ундайди. Мана, бугунги референдумда ҳам ўзим участкага келиб, ватанимиз тараққиёти, келажак авлодларимиз бахти учун овоз бердим. Бундан жуда мамнунман.

Тумандаги “Хўшчекка” номли маҳаллада истиқомат қилаётган 101 ёшдаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Оқбой бобо Шаймардонов комиссия аъзолари иштирокида ўз уйида овоз берди.
Шўрчи туманидаги 61 та референдум ўтказувчи участкада бугун 111 мингдан зиёд фуқароларнинг овоз бериши кутилмоқда.