ЎЗБЕКИСТОН

Хатарларни баҳолаш ишларини давом эттириш зарур — ХВЖ Ўзбекистон бўйича баёнатини эълон қилди

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) келишувларининг IV моддасига мувофиқ жорий йилнинг 23 апрель — 7 май кунлари Ўзбекистон билан 2024 йилги маслаҳатлашувлар доирасида Тошкентда ўтказилган муҳокамалар якунлари бўйича миссия расмий баёнот эълон қилди.

Унда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати юқори даражада шаклланаётгани қайд этилган. Камбағаллик даражасининг 2021 йилдаги 17%дан 2023 йили 11%гача пасайишига реал даромадларнинг барқарор ўсиши ва 2020 йилдан буён олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя тизими кўламини кенгайтириш ишлари ёрдам берди.

Машина ва ускуналар импортининг ўсиши, пул ўтказмалари ҳажмининг 2022 йилга нисбатан қисқариши ва ташқи қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ошиши каби омиллар таъсирларининг олтин экспортига нисбатан юқори бўлиши тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби тақчиллигининг ЯИМга нисбатан уч йил олдинги 3,5%дан ўтган йилда 8,6%гача ошишига сабаб бўлди.

Энергетика, хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш йўналишидаги ишлар иқтисодий ривожланишни яхшилашга ёрдам берди. Ички талабнинг барқарор ўсиши ҳисобига ЯИМ 2024 йилда 5,4%ни, 2025 йилда эса 5,5%ни ташкил этиши кутилмоқда.

Фискал дефицитнинг қисқартирилиши, банк кредитлари ўсишининг мувозанатлашиши ва импортда 2023 йилда кузатилган вақтинчалик омилларнинг камайиши импортнинг ўсишини яхшилаб, жорий ҳисоб дефицитини пасайтиради

Энергия нархларининг оширилиши таъсирида жорий йил охирида инфляция бироз ошишига қарамай, қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат ҳамда таркибий ислоҳотлар фонида Марказий банк прогноз қилган даражагача пасаяди.

Бюджетни консолидация қилиш давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш ва яқин истиқболда инфляцион босимни пасайтириш учун зарур ҳисобланади. Айни пайтда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва оиқтисодиёт самарадорлигини ошириш муҳим ҳисобланади.

Бюджет дефицитини иқтисодий ўсишга зарар етказмасдан пасайтириш кўзда тутилган. Бу аҳолига ёрдам бериш, энергия субсидияларини камайтириш, ижтимоий харажатлар ва ижтимоий ҳимоя тизими харажатларининг манзиллигини ошириш кабилар орқали амалга оширилади.

Расмийлар буджетнинг даромад ва харажатлар қисми билан боғлиқ хатарлар юзага келса, буджет дефицитини камайтириш учун қўшимча чоралар кўришга тайёр бўлиши керак.

ХВЖ ҚҚС қўллашнинг самарали тизимини жорий этиш, фискал стратегияни ва хатарларни баҳолаш ишларини давом эттириш керак деб ҳисоблайди. ДХШ лойиҳалари бўйича кафолатларнинг юқори чегарасини белгилаш тавсия қилинган.

Пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозим. Марказий банк нархлар динамикасини кузатиши ва инфляцияда барқарор пасайиш кузатилгунгача қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши керак.

Давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозори имкониятларини ошириш молиявий воситачилик ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради.

Кредит миқдорининг гаров қийматига нисбати бўйича кўрсаткичнинг оширилиши ва концентрация чекловлари ўрнатилиши ипотека кредитлари ва автокредитларнинг ўсиш суръатларини секинлаштирди.

Давлат банкларининг хусусийлаштирилишини тезлаштириш рақобатни кучайтиради, тенг фаолият шароитларини яратади. Шунингдек, ресурсларни самарали тақсимлаб, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиради.

Шунингдек, миссия давлат банклари тижорат асосида ишлайдиган тизим ва бошқарув тузилмаларига эга бўлиши керак деб ҳисоблайди. Мақсадларига эришмаган давлат банкларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш зарур.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan