ЖАМИЯТ ТУРИЗМ

Турар-жойларни туристларга ижарага бериш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ яна бир муҳим ҳужжат тасдиқланди.

Ушбу “Турар-жойларни ижарага беришнинг Ягона электрон реестрини юритиш ва уларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида Низом” жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўп қаватли уйлардаги квартираларни туристларга 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага беришнинг ягона реестрини юритиш ва уларни сертификатлаштириш тартибини белгилайди.

Турар жой эгалари хонадонларини Турар-жойларни ижарага беришнинг Ягона реестрига киритганларидан сўнг ижарага бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Реестр Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан унинг расмий веб-сайтида юритилади. Турар-жой ижараси электрон шаклда амалдаги автоматлаштирилган махсус электрон дастур орқали амалга оширилади.

Турар-жойни сертификатлаштириш ва Реестрга киритиш аризани дастурда рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Аризага иккита ҳужжат илова қилинади, булар:

– жисмоний шахслар паспорт маълумотларини;

– тадбиркорлик субъектлари эса давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини;

– кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат реестридан кўчирма.

Реестрга киритиш учун тўлов:

– жисмоний шахслар учун  – ҳар бир турар-жой учун базавий ҳисоблаш миқдорини 50 % миқдорида;

– юридик шахслар учун – ҳар бир турар-жой учун базавий ҳисоблаш миқдорини бир баробари миқдорида ундирилади.

Ижарага берилаётган турар-жойлар белгиланган норматив талабларга, яъни O`z DSt 3220:2017 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” давлат стандартига мувофиқ бўлиши ҳамда ижарага берувчи шахслар турар-жойнинг ёнғин ва санитария-гигиена хавфсизлигини таъминлаши керак бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan