ЖАМИЯТ

Вояга етмаган фарзанд таъминоти: у қандай тартибда амалга оширилади?

Алимент ундириш тартиби, алимент тўловчи ота-она, фарзандларнинг мажбуриятлари ҳамда алимент ундирувчининг ҳуқуқлари, алимент  олиш ҳуқуқини исботлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси “Оила Кодексининг “Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланган  (14-18-боблари)V-бўлимида тартибга солинган.

Оилани миллатимиз урф-одатларига кўра, фарзандсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳаёт кечиришдан мазмун ва асосий орзу хою-ҳаваслар, фарзандларнинг бахту-саодати ва камолини кўришдир. Бироқ, ҳамма ҳақида ҳам бу фикрни юритиб бўлмаслиги барчамизга аён.

Амалдаги қонун ҳужжатлари, яъни Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг талабларига асосан алимент ундириш  икки хил усулда ҳал этилиши белгиланган, улар:

  • биринчиси: Ота-онанинг ўзаро келишувига асосан;
  • иккинчиси: Ота ёки онанинг  судга мурожаат қилиши орқали;

Ўз навбатида ота ёки онанинг фуқаролик ишлари бўйича судларга (кейинги ўринларда – судларга деб юритилади) мурожаат қилиш  орқали алимент олиш ҳуқуқи ҳам иккига бўлинади, улар:

  • судга даъво ариза билан мурожаат қилиш орқали;
  • судга ариза билан мурожаат  қилиш орқали;

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 96-моддасининг талабларига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгилаб қўйилган.

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда улар ўртасида келишувга асосан белгилаб олишлари мумкин.

Келишув албатта ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши, келишув шартларида кўрсатилган вояга етмаган фарзанд (фарзандлар) учун тўланадиган алимент миқдори Кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги шарт.

Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади. Агар, мажбуриятини бажармаган шахсдан алимент ундириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни 5-моддасининг 4-бандига асосан манфаатдор шахс ариза билан мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Келишув тузишида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли қарори билан тасдиқланган  “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМ талабларига асосан ҳам белгиланиши мумкин.

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда ота-она ўртасида келишувга келмаган ёки улар ўртасида тузилган  келишувни бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Оила кодексининг 99-моддасида белгиланган ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдорига тўҳталсак.

Кодекс талабларига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан келиб чиққан ҳолда ундирилади.

– бир бола учун — тўртдан бир қисми;

– икки бола учун — учдан бир қисми;

– уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 475-моддасининг талабларига асосан вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, —ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 123-моддаси талабларига асосан, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бахтиёр Мустафаев, Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси            

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan