Ўзбекистон маҳсулотлари учун Африка бозорларига йўл очилади. Ўзбекистон дипломатлари Миср–Африка тадбиркорлари уюшмаси (ЕАВА) раҳбарияти билан музокара ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Африка давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва EABA ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Уюшма аъзоларининг Ўзбекистонга, мамлакатимиз компанияларининг эса Африка бозорларига кириб келишига кўмаклашиш, ўзаро инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
«EABA» Миср ва Африка қитъасидаги йирик компаниялар ва ишбилармонларни бирлаштирган уюшма бўлиб, унинг фаолияти Африка давлатлари ўртасида савдо, инвестиция, саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган. Уюшма таркибида қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, телекоммуникация, инфратузилма, молия, таълим, энергетика, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа соҳаларни қамраб олган 22 та қўмита мавжуд. «EABA» Африканинг 20га яқин давлатида ўз ваколатхоналарини очган.