МУЛОҲАЗА

Ялтираган ҳар нарса олтин эмас: Ахборот маконида ҳам яхши ва ёмонлар бор

Яқиндагина расмий сайтимизда эълон қилинган материал доирасида ижтимоий тармоқларда, жумладан фейсбук (facebook) фойдаланувчилари ўртасида қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.

Ушбу жараённинг бевосита кузатувчиси ва иштирокчиси сифатида тармоқда сурхондарёлик блогерларнинг, кўпроқ вилоятимиз ҳаёти билан боғлиқ материалларни жойлаштирувчи аккаунтларнинг, фейсбук (facebook) гуруҳларининг, шунингдек бир нечта давлат органлари ахборот хизматларининг фаолиятини кузатиб, таҳлил қилиш имкониятига ҳам эга бўлдик.

Таҳлилларимиз асосида қуйидаги хулосаларга келдик:

Ҳалол, эзгу мақсадларни кўзлаган блогер ва гуруҳларимиз жамиятимиздаги камчиликларни, аҳоли муаммоларини бартараф этишга беминнат ёрдам бераяптилар. Улар орасида фидоий воҳадошларимизнинг борлиги эътирофга сазовор.

Аммо, аксинча эзгулик ва халқпарварлик ниқоби остида яшириниб, алоҳида шахслар, кучлар буюртмасига асосан ишловчи нохолис аккаунтлар ҳам афсуски, қизғин фаолият юритмоқда.
Демак, аввало фейсбук (facebook) тармоғида, айрим номланиши умумжамият манфаатларини назарда тутувчи маънога эга гуруҳларни юритувчи админстраторлар томонидан фейк аккаунтларнинг, яъни шахси яширинган, аноним фойдаланувчиларнинг материаллари тарқатилмоқда.

Админлар жойлаштирган ана шу материалларга нисбатан эътирозли фикр билдирилган тақдирда, ўша фикр билдирувчини блоклашаяпти ёки уни фейк аккаунтлар орқали ҳақорат ва бошқа воситалар билан мунозарадан чиқиб кетишга мажбурлашмоқда. Оқибатда фойдаланувчилар, айниқса, муҳокамага қўйилган мавзуларга илмий тарзда холисона ёндашиш салоҳиятига эга зиёли кишилар ҳам муносабат билдирмай, фақатгина кузатувчи бўлиб қолишмоқда.

Муомала маданияти, этика қоидаларига тамоман зид тарздаги постлар, комментарийлар табиийки, энг катта муаммо. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Аёллар, оналар, болалар ҳам бу сўзларни ўқишлари мумкинлиги умуман эътиборга олинмаяпти.

Табиийки, юқоридаги ҳолат умумий тарзда сўз эркинлиги, ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисидаги миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрлар талабига ҳам тўғри келмайди.

Санаб ўтилган усуллар орқали маълум бир қарашларга нисбатан фойдаланувчилар фикри манипуляция қилиниши эҳтимоли ортади. Энг хавфлиси ўша гуруҳлар, уларнинг админлари билан реал ҳаётда улар билан танишиб, муросага киришишга уринишларни ҳам кузатиш мумкин.

Муносабатга киришишнинг бу усулини қўллаётган давлат органлари ахборот хизматлари ҳақида эса жамоатчилик орасида нотўғри тасаввурлар ва тушунчалар келиб чиқмоқда. Жараён кузатувчиси бўлган аҳоли вакиллари ўша айрим ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, нима тақдим этилса, уни ўз аккаунти ёки фейк аккаунт орқали эълон қиладиган кишиларга ишониб, самарасиз моддий харажат қилишяпти.

Шунингдек, ахборот хизматлари ходимларининг ўз ташкилотлари фаолиятига алоқаси бўлмаган мавзуларда ҳам ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга қўшилиб кетишлари, нореал, майда-чуйда масалалардаги фикрларни ташкилотларининг расмий аккаунтлари орқали бўлишишлари, ҳаётда шахсан таниш бўлиб “сен менга мен, сенга тегмайман”, қабилида дўстлашиб олган фейсбук (facebook) фойдаланувчилари томонига оғиб кетишлари кузатиляпти.

Бундан ташқари, айрим давлат хизматлари ва фейсбук фойдаланувчилари томонидан давлат ташкилотлари логотиплари шахсий аккаунтлари, телеграм мессенжерларига жойлаштирилмоқда. Бироқ, уларда ташкилот билан боғлиқ бўлмаган маълумотлар, кўп ҳолларда ташкилот қарашларига мос келмайдиган пост ва комментарийларни кўришимиз мумкин.

Ваҳоланки, ахборот хизматлари меҳнат шартномаси асосида зиммаларига юклатилган вазифадан келиб чиқиб, иш олиб боришлари белгиланган. Чунки, уларнинг ижтимоий тармоқдаги позицияси юридик ташкилот мақомини белгилайди. Унинг имиджини кўтаришга, асло пасайтиришга хизмат қилмаслиги керак.

Албатта, юқоридагилар дастлабки хулосаларимиз маҳсули. Кўтарилган масалаларнинг ечими ҳақида келгуси мақоламизда яна фикрлашамиз. Агар мулоҳазаларимиз манзур бўлса, уларни ўз саҳифангизга жойлаштиришни тавсия қилардик. Сиздан ҳам мавзу бўйича изоҳлар кутиб қоламиз.

diyor24.uz таҳририяти