ЖАМИЯТ

Сурхондарёлик блогер нега жаҳлланди ёхуд “diyor24.uz”дан расмий муносабат

Ўтган йилнинг 29 декабрида ўз саҳифаларимизга  “Фидокор-2019” Термиз шаҳар ҳокимиятининг саҳналаштирилган ўйинларими?” сарлавҳали материал жойлаштиргандик. Ушбу материал фейсбукнинг “Аброрбек Қурбонмуродов” номли фойдаланувчисиники эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтганмиз.

Яқинда 23 январ куни Аброрбек Қурбонмуродов фейсбукдаги ўз саҳифасига сайтимизни, унинг рухсатисиз материалини чоп этишда айблаб, фикрларини жойлаштирди.

Шундан келиб чиқиб, биз фейсбук фойдаланувчиси Аброрбек Қурбонмуродовга маълум қиламизки, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасида “Ошкор қилинган асарни шахсий мақсадларда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади. …”, деб кўрсатилган. Бу эса сиз муҳтарам муаллиф, ўз материалингизни ижтимоий тармоқ гуруҳларида ошкор қилиб бўлганингиздан кейин, уни ҳар ким ўз саҳифасига жойлаштириши мумкин ва бунинг учун сиздан рухсат сўраб ўтиришга мажбур эмаслигини англатади.

Масаланинг иккинчи жиҳати, маълумки ҳар қандай блогер ёки ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўзи жойлаштирган материал кўпроқ кўрилишини, “лайк”ларга сазовор бўлишини истайди. Масалан, биз ҳам материалларимиз ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар, каналларда тарқатилиши тарафдоримиз. Қизиқ, унда нега блогер Аброрбек Қурбонмуродов тўсатдан бир ойга яқин вақт ўтгандан кейин “эсини таниб қолди”.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22 январ куни  “Сурхон тонгида тинчликми?” номли материал эълон қилдик.  Унда жумладан, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана”  газеталари бирлашган таҳририяти фаолияти билан боғлиқ терговолди текширувлар якунланмасдан, улар ҳақида тахминлар билдириш, бевосита терговолди жараёнларга таъсир қилиши мумкин бўлган маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ошкор қилиш таъқиқлангани ҳақида билдириб ўтганмиз.  23 январ куни кеч соат 18.30 лар атрофида АОКА Сурхондарё вилоят бошқармасига тегишли (“diyor24.uz” таҳририяти иш хонасига ёнма-ён жойлашган) хонага келган  Аброрбек Қурбонмуродовга ушбу изоҳимизнинг мазмунини тушунтирдик. Яъни, суд орқали айбли, деб топилмагунча ҳеч кимни айбдор сифатида талқин қилишга, шундай мазмундаги ахборотни тарқатишга ҳақли эмаслигини баён қилдик. Барибир биздан норози кайфиятда қайтган А.Қурбонмуродов эртаси куни бир ойча олдин унинг материали “diyor24.uz” да эълон қилинганини эслаб қолди ва сайтнинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган асосланмаган материални эълон қилди.

Албатта, таҳририятимиз фикрлар хилма-хиллигини ёқлайди. Лекин, кўпчиликнинг манфаатларига зид, камчиликнинг ёки маълум бир гуруҳларнинг иддаоларини ифодалайдиган ахборотлар тарқатилишига қаршимиз. Биз блогерлик ҳам, ижтимоий тармоқлардаги оммавий аҳамиятга эга чиқишлар ҳам илмга,  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунлари ҳамда қонуности ҳужжатлари талабларига зид бўлмаслиги учун интиламиз.

Ушбу расмий муносабатимиз орқали “Аброрбек Қурбонмуродовномли аккаунт фойдаланувчисига у билан ижодий ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни, ахборот тарқатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича тушунча беришимиз мумкинлигини билдирамиз.

Шунингдек, унга номдор олий таълим муассасасининг ўзбек тилшунослиги кафедраси магистранти сифатида ўз билимини оширишга кўпроқ эътибор қаратишни, олийгоҳ маъмуриятига эса ушбу магистрантнинг ўзбек тили имло ва стилистик қоидалари бўйича билим ҳамда кўникмасини яна бир карра синовдан ўтказиб, зарур деб топилса, талаба билан қўшимча иш юритишни тавсия этамиз(тавсия «Аброрбек Қурбонмуродов» номли аккаунтдаги материаллар таҳриридан сўнг билдирилмоқда)!

Diyor24.uz таҳририяти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan