ЖАМИЯТ

«Сурхон тонги»да тинчликми?!

  • Расмий муносабат. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари фаолияти билан боғлиқ турли бўҳтон ва миш-мишлар тарқалмоқда.
    Бугунги кунда таҳририятимизда очиқ ва шаффоф иш жараёни кечмоқда. Агар кимда фаолиятимиз билан боғлиқ саволлар юзага келадиган бўлса, таҳририятимизга мурожаат қилишлари мумкин. Барча саволларга батафсил жавоб беришга тайёрмиз.
    Таҳририятнинг собиқ мансабдор шахслари фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар бўйича Прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу жараён ҳақида ҳозирча бизда аниқ маълумот йўқ.
    Фуқаро Аброрбек Қурбонмуродовнинг “Facebook”даги саҳифасида эълон қилинган аудио ёзувда келтирилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
    Аудио ёзувда ўз фикрини билдирган аёл таҳририятнинг собиқ бош ҳисобчиси. Ҳозирда таҳририятда товар-моддий бойликлар бўйича ҳисобчи лавозимида, шунингдек, бир вақтнинг ўзида яна бир давлат ташкилотида ишлайди. Нафақа ёшида, пенсионер. Фаолияти давомида таҳририятнинг молиявий ишларига жавобгар бўлган шахслардан бири. Ўтган йилларда таҳририят маблағларидан ноўрин, самарасиз фойдаланиши оқибатида биргина 2019 йилнинг ўзида таҳририят йилни 1 млрд. сўмдан ортиқ зарар билан якунлаган.
    Бундан ташқари ўзи мансабдор шахс, яъни бош ҳисобчи бўла туриб, яқин қариндошлари қизининг қўл остида ҳисобчи-хазинабон, турмуш ўртоғининг укасини хўжалик ишлари мудири, ўғлининг қоровул вазифаларида ишлашига шароит яратиб берган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасида қариндош-уруғларнинг давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари чекланган.
    Бундан ташқари, собиқ бош ҳисобчининг таҳририят ходими Ф.Раҳмонқуловага иш хона ҳисобидан уй олиб берилган деган важи нотўғри бўлиб, иш ҳақиси ҳисобидан ипотека кредити асосида уй-жой олишга бошланғич бадал суммасининг бир қисми тўлаб берилган. Ушбу маблағ унинг иш ҳақиси ҳисобидан қоплаб борилмоқда. Бу каби маблағ таҳририятда битта эмас, тўрт нафар ходимга берилган.
    Бугунги кунда таҳририятда иш самарадорлигини ошириш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш мақсадида иш ўрнини қисқартириш ҳолатлари амалга оширилмоқда. Аммо, иш ўрни қисқараётган ходимларни бошқа ишга жойлаштириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.
    Белгиланган тартибга асосан, таҳририятнинг 2020 йилги харажатлар сметаси ва бошқа молиявий фаолият билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлари муассис, яъни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, таҳририятда ушбу ҳужжатлар асосида иш ташкил этилмоқда.
    Иш ўрнини қисқартириш бўйича вилоят ҳокими томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган.
    Собиқ бош ҳисобчининг аудио ёзувда келтирилган фикрларини бирёқлама, нохолис деб ҳисоблаймиз ҳамда бу борадаги барча масалаларга ойдинлик киритишга тайёр эканимизни маълум қиламиз.

“Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририятининг расмий саҳифасидан олинди.

P.S. «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририяти фаолияти, шу жумладан, таҳририят собиқ бош муҳаррирининг хатти-ҳаракатларига ваколатли органлар томонидан ҳали ҳуқуқий баҳо берилмади,  тафтиш якуни, терговолди суриштирувларнинг натижалари расман эълон қилинмади.  Шундан келиб чиқиб, терговолди текширувлар якунланмасдан, улар ҳақида тахминлар билдириш, бевосита терговолди жараёнларга таъсир қилиши мумкин бўлган маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ошкор қилиш таъқиқланганлигини эслатиб ўтамиз.