ЖАМИЯТ

Сизларнинг ёрдамингиз эвазига Баҳром Нормуродов Ҳиндистонга жўнаб кетиши учун Термиз халқаро аэропортидан Тошкентга кузатилди

Сурхондарёлик таниқли ижодкорлардан бири Баҳром Нормуродов олти ойдан буён жигар циррози хасталиги билан оғриб келмоқда. У кўп йиллар Сурхондарё вилояти телевидениесида фаолият юритган. «Туркистон», «Сурхон тонги» газеталарида ишлаган.

Касалликка чалингунга қадар ижодкор Термиз давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида талабаларга дарс бериб келаётган эди.

Мутахиссислар жигарида онкологик миома аниқланган Баҳром Нормуродовнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш деб ҳисоблади. Беморнинг моддий имкониятлари чеклангани ва операция Ҳиндистонда бўлиб ўтиши сабабли ижтимоий тармоқларда Баҳром Нормуродовга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия акцияси бошланди.

Унинг соғайиб, оиласи бағрига, яқинлари, дўсту-биродар, ҳамкасблари даврасига қайтишига хайрихоҳ бўлганлар, саховатпеша ҳомийлар томонидан 70 миллион сўмдан ортиқ хайрия маблағлари жамланди. Айни маблағ Баҳром Нормуродовнинг Ҳиндистондаги клиникаларда даволаниши учун имконият яратди. Хорижга чиқиш учун паспорт ва визалар ҳал бўлиб, бемор Термиз халқаро аэропортидан Тошкент шаҳрига кузатилди. Баҳром Нормуродовни кузатишга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда турли жамоат ташкилотлари вакиллари, Термиз давлат университети ўқитувчилари ва талабалар ҳам иштирок этди.

Баҳром Нормуродов 19 февраль куни соат 7:20 да жарроҳлик амалиётини ўташ учун Тошкент-Деҳли йўналишида амакиси Абдураим Нормуродов ҳамроҳлигида Ҳиндистонга йўл олади. Беморга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича хайрия акцияси давом этмоқда.

Сирожиддин Иброҳимов