ЖАМИЯТ ТЕХНОЛОГИЯ ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда банк хизмати марказлари 50 тага етказилади

Республика Марказий банки вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан вилоятимизда “банк хизматлари офислари” ва универсал кассалар ҳамда уларда мижозларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди.

Шу асосда хизмат турларини кенгайтириш, банк бўлимлари ходимларининг малакасини янада ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Банк истеъмолчиларига банк хизматлари, банк ва истеъмолчилар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ хизматлар кўрсатилиши ҳамда истеъмолчиларга:
– ахборот беришнинг минимал талаблари;
– расмий веб-сайтида ахборот бериш хусусиятлари;
– банк фаолиятга оид реклама тусидаги ахборотлар бериш;
– бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми;
– банкнинг истеъмолчи билан муносабатларни ташкил этиши;
– хизмат кўрсатиш бўйича минимал талаблари;
-хизмат кўрсатишда қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун санкцияларин қўллаш;
– мурожаатларини кўриб чиқишга қўйиладиган талаблар тушунтирилди.
Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда тижорат банкларининг банк хизматлари офислари фаолиятини кенгайтириш мақсадида вилоятда барча тижорат банкларининг 29 та “банк хизматлари марказлари”ни ташкил этилган бўлиб, йилнинг охиригача 50 тага етказиш бўйича ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳар ва туманларда банк хизматлари истеъмолчилари томонидан банк ходимлари иштирокисиз ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи 53 та 24/7 иш режимида ишловчи марказлар очилган. Булар орқали нақд хорижий валюталарни алмаштириш, Хумо ва Узкард пластик карточкалардан нақд пуллар олиш, коммунал тўловларни амалга ошириш мумкин.
“HUMO” миллий тўлов тизими фаолияти бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ҳозирги кунда 150 000 донадан ортиқ “HUMO” миллий тўлов тизими карталари муомалага чиқарилган. Ушбу банк карталари орқали ўз вақтида сифатли ва қулай хизматлар кўрсатиш мақсадида савдо ва пуллик хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга 8300 дан ортиқ тўлов терминаллари ҳамда 136 дона банкоматлар ўрнатилган.

Термизда Республика Марказий банки ва тижорат банклари вакиллари иштирокида семинар-тренинг ҳам ўтказилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида аҳолига, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш, банк хизматлари оммабоплигини ошириш мақсадида тижорат банкларига қатор вазифалар юклатилганлиги таъкидлаб ўтилди.


Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида банк-молия тизимини ривожлантириш юзасидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, келгусида банк тизимида амалга ошириладиган ишлар юзасидан маърузалар қилинди ҳамда зарур тушунтиришлар берилди.