ЖАМИЯТ

Журналист-блогерга туҳмат қилган матбуот хизмати ходимига иш қўзғатилди

Журналист-блогерга туҳмат қилган матбуот хизмати ходимига иш қўзғатилди

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қошқаровага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси (туҳмат) билан маъмурий иш қўзғатилди. Human.uz ахборот портали муассиси ҳисобланган “Human Media” масъулияти чекланган жамияти бош директори, журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг шикоятига асосан Андижон шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунига кўра шундай қарор қабул қилинган.

Аниқланишича, Гулшаной Қошқарова Андижон шаҳар ҳокимлигининг телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали Х.Далиевни очиқдан-очиқ ҳақорат қилиб, унга нисбатан туҳматдан иборат сўзларни ишлатган. Маълумки, журналист Х.Далиев ўзининг телеграмдаги канали орқали ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ёритиб келади.
photo_2019-10-31_10-42-51.jpgШаҳар ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар 2019 йилнинг декабр ойида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Андижон шаҳар маъмурий судига юборилган.

Ҳозирча суд иши қачон бошланиши тўғрисида маълумотлар йўқ.

Маълумот учун, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари (4 млн. 460 минг сўм)дан олтмиш баравари (13 млн. 380 минг сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.