ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА

ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТ ШАЪНИ

Мана неча кундирки, ижтимоий тармоқларда Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган давлат тилига оид қонун нормаларини бузганлик учун давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда (https://regulation.gov.uz/oz/document/17095). Бу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган ва унга қаршилар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа ўзбек тили мавқеини оширишдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Ўтган даврга назар ташланса, ўзбек тилининг аҳволи анча абгор ҳолга келиб қолганлиги сир эмас. 21 октябрь арафасида ОАВларида қатор-қатор чиқишлар қилинар, мақолалар чоп этилар, кўрсатувлар тайёрланар, аммо байрамдан сўнг буларнинг ҳаммаси унутиларди. Муаммолар, таклифлар қоғозда қолиб кетарди. Она тилимизнинг аҳволи эса кундан-кунга ёмонлашиб борди, афсус.

Шу ўринда бир ҳолатни айтиб ўтмасам бўлмас. Қонун лойиҳасига қарши бўлаётганлар Болтиқбўйи давлатлари тажрибасини бизда жорий қилиш асоссиз эканлигини важ қилишмоқда. Камина 2015 йилда Болтиқбўйи мамлакатларида  сафар қилган эди. Литва давлатидаги 1 ойлик сафар таассуротлари бир олам. Ҳозир гап бунда эмас. Асосийси тил масаласида у ерда кўрганларим ва гувоҳ бўлганларим ҳақида.

Литва гарчи ЕИ аъзоси ҳисобланса-да, давлат тилига эътибор жуда юқори. Реклама, эълонлар, баннерлар, кўрсатгичлар литва тилида. Сиз у ерда аллақандай ажнабий мамлакатда эмас, айнан Литвада юрганингизни ҳис қиласиз. Аммо литваликларнинг ўз она тилларига бўлган бундай эътибори қолган тилларни ҳурмат қилмаслик дегани эмас. Уларнинг хорижий тилларни билиш даражаси ҳавас қилгулик. Ўз она тилларидан ташқари, инглиз, немис, рус ва бошқа тилларда бемалол сўзлай олади.

Шаҳарларни кезар экансиз, дорихона, китоб дўконлари номи ва ҳоказоларнинг ўз она тилида ёзилганига  диққат қаратасиз.  Масалан, бизда дорихона эмас, кўпинча аптека ёзилади. Мен у ерда ҳақиқий Литвада юрганимни ҳис қилган эдим. Аксинча, бизда шаҳарларимизда юрсангиз, ўзингизни ажнабий мамлакатда юргандай сезасиз. Маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, дўконлар, реклама номлари инглиз ёки  рус тилида. Камига ўзбек тилидагисида кўплаб хатоликлар. Афсуски, бундай ҳолатлар одатий ҳолга айланган.

Қолаверса, банкка кирсангиз, шартнома бланкаси одатда рус тилида. Телевидениеда бошловчи истаганча тилни бузади, ўз шевасида бемалол гаплашади. Кўрсатувга таклиф этилган хонанда ёки актёр бемалол рус тилида гапиради. Камида у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлади. Ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг аҳволини кўриб ачинасиз.

Ёзилаётган фикрлар, изоҳлардаги хатоликлардан йиғлаб юбориш ҳеч гап эмас. Хусусан, энг кўп кузатувчиларга эга бўлган шоу бизнес вакилларининг тармоқларини кузатсангиз аҳвол яна ҳам ачинарли. Ёш авлодга биз мана шундай “мерос”ни қолдиряпмиз. Ота-боболаримиз бизга қолдирган гўзал тилимизни бугун ачинарли ҳолга келтириб қўйдик. Келгуси авлод бизга лаънатлар ёғдириши аниқ.

2019 йилда Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этишдан иборат деб белгиланган.

Фармонга кўра, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади, шунингдек, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил этилди.

Мана Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилганлигига ҳам 6 ойча бўлиб қолди. Очиғи мазкур департаментнинг  давлат тилини ривожлантириш борасидаги бир ташаббусларини кўрмаяпмиз. Фақатгина  “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2 сонида департамент мудирининг мақоласини ҳисобга олмаганда. Агар фақат мақолалар, ОАВларда чиқишлар билан бу муаммо ҳал бўлганда, ҳозир аҳвол бошқача бўлармиди? Бу мақолаларни ўқиб, тўғриси ҳафсала пир бўлади.

Департамент бу масалалар, яъни ўзбек тилининг аср бошларидаги аҳволи, замонавий ўзбек адабий тилига ким асос солгани муаммолари билан шуғулланмаслиги керак, назаримда. Бу масалаларни тилшуносларимизга қўйиб беришсин. Қолаверса, Адлия вазирлиги қонун лойиҳаси муҳокамаси фонидаги баҳс-мунозаралар кетаётган бир вақтда департаментнинг бирон расмий муносабати ёки рекциясини кўрмадик. Ўзбек тилини мавқеини кўтариш, уни ҳақиқий давлат, она тилига айлантириш учун ҳар бир фуқаро масъул бўлиши лозим.

Керак бўлса, катта миқдордаги жарималар белгилашни қонунчилик билан мустаҳкамлаш вақти келди. Мен бўлар-бўлмас жарималар солаверишга қарши бўлганман, аммо ўзбек тили борасида келганда, буни қўллаб-қувватлайман. Шундай экан, ўзбек тилига муносабатимизни миллатимиз шаъни, оримиз, ғуруримиз тимсоли сифатида қарашимиз лозим. Акс ҳолда бизни келажак авлод асло кечирмайди.

Обид  ШОФИЕВ