ЖАМИЯТ

Имом ўқувчиларнинг телефонини мунтазам текшириш кераклигини айтиб, фақат “uz” доменидаги сайтлардан фойдаланишни тавсия қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайтида Хоразм вилояти Хонқа тумани “Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби Ф.Матякубов муаллифлигида “Келажакни террорсиз қурамиз“ мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда «Соф.уз» нашри хабар берди.

Мақолада айтилишича, интернетда “Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталикни кўролмаётган ҳасадгўй кимсалар аҳоли орасида норозилик кайфиятини уйғотиш, фитна чиқариш мақсадида, “бу диёрда диний эркинлик йўқ, ибодат қилувчилар таъқиб остида, исломий билим олиш чекланган” деган уйдирмалар“ тарқатилмоқда.

Муаллифнинг фикрича, “таълим муассасаларида психологик ўрганиш хизматини жорий этиб, турли хил қизиқишга мойил (!) талаба-ёшларни аниқлаб, уларнинг дунёқарашларини илмий, диний, ахлоқий томондан асослаб, жамият тараққиётини белгиловчи бунёдкор ғояга йўналтиришга эришмоқ зарур“.

Имомнинг фикрича, “ўқувчи-ёшларга “сохта салафийлар”, “ҳизбут-таҳрир”, “акромийлар”, “нурчилар”, “жиҳодчилар” каби бузғунчи оқимларининг асл мақсадларини акс эттирувчи кинофильмларни мунтазам кўрсатиб бориш керак.

Имом яна, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг собиқ ўринбосари, 2018 йил 17 февралда лавозимидан бўшатилган Айдарбек Тулеповнинг “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “ИШИД фитнаси” ва “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма ва асарларидан фойдаланиш шартлигини (!) айтади.

  • Шунингдек, муаллиф таълим даргоҳи раҳбарлари ўқувчи-ёшларнинг дарсга келиш давомати, тартиб-интизомини назоратга олишиб, уларнинг шахсий техника воситалардан оқилона фойдаланишлари учун ноутбук ва нетбук компьютерлари, замонавий телефон аппаратлари, флешка каби турли ускуналардаги маълумотларни мунтазам равишда текширувдан ўтказиб боришлари (!) мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди.

Мақоланинг охирида имом-хатиби Ф.Матякубов “таҳликали замонда ёшларга фақат “uz” доменидаги сайтлардан фойдаланиш“ни тавсия қилади.

Шунингдек, охирги 2 кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг сайтида терроризмга қарши курашга оид бирданига 4 та мақола чоп этилганини кўришимиз мумкин.