ЖАМИЯТ

Сайёр қабулларда мурожаатлар ҳал этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Сурхондарё вилоят прокуратураси ҳамда Мажбурий ижро бюроси ҳудудий органлари томонидан аҳоли билан тўғридан – тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини бевосита жойида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 12 октябрь куни навбатдаги Сурхондарё вилояти аҳолиси учун Термиз шаҳрида сайёр қабул ўтказилди.

Мазкур сайёр қабул давомида жами 102 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг  мурожаатлари тингланиб,  шундан 21 та мурожаатлар  масъуллар томонидан шу куннинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар назоратга олиниб, уларни тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқиб, тез фурсатларда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Айтиш ўринлики, мазкур сайёр қабул давомида кўриб чиқилган аҳоли  мурожаатларининг асосий қисмини суд қарорларини ижросини таъминлаш айниқса алимент қарздорлигини ундириш бўйича қилинган мурожаатлар ташкил этди.

Қабулда иштирок этган Моҳира Ниязованинг фойдасига турмуш ўртоғи иш вақтида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганлиги муносабати билан Бюронинг Термиз туман бўлими томонидан жами 205 миллион сўм бир марталик нафақа пули, Шунингдек, вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаб берилмаган 2 ойлик жами 3 миллион 163 минг сўм нафақа пули  ундириб берилиши таъминланди.

Албатта, бу каби сайёр қабуллар фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш имконини бераётганлиги билан янада аҳамиятли бўлмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan