ТУРИЗМ

Сурхон воҳасида оила удумлари

Сурхондарё – қадриятлар бешиги

Оила! Бир ота-онадан тарқалган қавм. Бир нафис гуллардан яралган гулзор. Ирмоқлари туташган дарё, азим бир парча заминга жо бўлган ватан! Оила! Сафарга отланган улуғ бир карвон. Кўз тиккан макони – бахт манзиллари. Отаси раҳнамо, онаси сарбон.

Дарҳақиқат, оила комил инсон тарбиясидаги дастлабки тамал тошини қўядиган, дастлабки тарбия ўчоғидир. Биласизми, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Сурхон воҳаси аҳолиси қадимдан оилани муқаддас санаган, жамият тараққиёти давомида оилалар ижтимоий, иқтисодий-сиёсий омилларга кўра шакл ва мазмун жиҳатидан турли кўринишда бўлган.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, Сурхон воҳасида оилаларнинг икки асосий хили фарқланади:

  1. Оддий оила (кичик, алоҳида, нуклеар);
  2. Мураккаб оила (бўлинмаган, кенгайган ва катта оила).

Катта оилалар юз ва ундан ҳам ортиқ кишини ўз ичига олиб, бундай оилалар “бир қозон”, “катта рўзғор”, “катта қозон”, “тўда” ёки “тўп” деб аталган. Катта оилалар фанда патриархал оила ҳам деб юритилади, патриархал оилалар кўпроқ қишлоқларда ташкил топган ва оила аъзолари барча юмушларни биргаликда бажаришган. Оиланинг барча аъзолари биргаликда меҳнат қилган, вужудга келган турли муаммолар катта ёшдаги эркакларнинг йиғини ёки маслаҳати орқали ҳал қилинган.

Оилада бола тарбиясига бобо, момо ва ота-оаналар масъул бўлган, ота-она учун ҳамма фарзандлар ўғил ёки қиз бўлишдан қатъий назар бир хилда қадрли ҳисобланган. Аммо ўғил ва қиз бола тарбиясида маълум фарқларнинг мавжудлиги сезилади. Ўғил болаларни ҳақиқий эркак, ва оила бошлиғига хос хусусиятлар доирасида тарбиялашга, қиз болаларни эса бўлғуси уй бекалигига тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бола тарбиясида оналар асосий масъулиятни ўз зиммасига олган. Чунки оилада бола доимо она назоратида бўлган. Ўғил болалар тарбиясида уларга ҳалоллик, тўғрисўзлик, қатъийлик, собитқадамлик ва мардлик фазилатларини сингдиришга ҳаракат қилинган. Ўғил болаларни тарбиялашда кўпроқ қатъийликка, чидам ва сабрга эга бўлиш каби хислатлар тарбиясига алоҳида ўрин берилган. Қиз бола тарбияси ҳам алоҳида диққат-эътиборни талаб қилган. Шу боисдан ҳам ота қиз тарбиясига она орқали таъсир ўтказган.

Қиз бола тарбиясига оналарнинг таъсири ниҳоятда катта бўлган. Шунинг учун ҳам халқнинг орасида “онасини кўрда қизини ол, бўзчисини кўрда бўзини ол” деган мақол шаклланган. Болаларга тарбия бериш жараёнида панд-насиҳат, намуна кўрсатиш, рағбатлантириш, тушунтириш ва зарур бўлганда жазолаш шаклларидан фойдаланилган. Ҳар бир оила ўзининг оилавий анъаналарига таянган ҳолтада ўзининг ижтимоий маиший турмушини йўлга солган.

Катта оилаларнинг машварат ва маслаҳатлари жиддий ўтиб, унда келишилган қарорга оила аъзоларининг барчаси сўзсиз бўйсунган. Катта оилалар болаларга маънавий, ахлоқий, жисмоний ва меҳнат таълимини  берадиган асосий макон  саналган.

Катта оилада бир отадан тарқалган ва умумий қозондан овқат ейдиган бир неча уйланган жуфтлар жипслашган, бўлсада  оиланинг мол-мулки ва даромадлари бир киши, яъни оила бошлиғининг ихтиёрида тўпланган. Одатда катта бобо ёки катта она оила бошлиғи саналган, оила бошлиғи бутун оила турмушини бошқарган, ишни тақсимлаган ва унинг бажарилишини назарот қилган, Оила аъзоларининг  бирортасида алоҳида даромад манбаи бўлмаган, оила катта ҳовли, яъни қўрғонда яшаган.

Катта оила тушунчаси халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топган, масалан, “бир қозондан ош ичган”, “бир қошиққа талашган”, “кийими бир жони бир, ҳайдаб юрган моли бир” халқ иборалари ҳам шундан далолат беради. Ўғиллар уйлангандан сўнг ўз рўзғорларига эга бўлса-да, ота-оналари билан бирга бир хонадон соҳиблари ҳисобланган. Ота томондан яқин қариндош бўлган тўрт, беш баъзан эса ундан ҳам кўп авлод катта бобо, бобо, ота, ўғиллар, неваралар, чеваралар, эваралар, дуваралар ва бундан кейингиси эса бегоналар деб аталган.

Булар умумий бош бобосининг оти билан  “тўда” ёки “тўп” деб аталган, жумладан, Шеробод туманининг Хитой қишлоғи Карим тўда, Тўра тўда, Мерган тўда, Худайберган тўда, Жўра тўда ва Холиёр тўда каби тўдалардан ташкил топган. Шу туманнинг Оққўрғон қишлоғи эса 23 та катта оиланинг бирикуви асосида шаклланган Оққўрғон қишлоғида яшовчи қўнғирот уруғининг тортувли шахобчасига мансуб Дарвиш бобонинг оиласи, яъни катта рўзғорида эллик, эллик беш киши, яъни беш авлодга мансуб ўн етти никоҳ жамланганлиги матбуотларда ёритилган.

Яна бир эътибор берадиган жиҳат ҳам борки, бу ҳам бўлса болаларнинг наслини белгилашда ота томон ҳисобга олингани. Ота томондан оғайинилар уруғ, она томон оғайинлар эса қариндош деб аталган. Иноқлигу тотувлик бу дунёда осуда ҳаёт бахш этади. Қайси жамиятда оилалар мустаҳкамлигига аҳамият берилса, ўша жойда тинчлик осойишталик, фаровонлик барқарор бўлади. Чунки оила покиза ҳаётнинг, фарзандлар камолининг, бинобарин ватан истиқболининг муҳим таянчидир.

Оила! Сен маскансан гоҳ ташвиш, гоҳ дардларимга. Сенда топгум ҳаловат, тинчим. Сен бешиксан фарзандларимга ардоқламоқ, асрамоқ бурчим!

Фазлиддин Абдураззоқов