МУРОЖААТ

Ўйлаганимиз “шаптолиқоқи ”…? (Олтинсойда опенбюджет ижроси)

Олтинсой тумани “Соҳибкор” маҳалласи “Чорбоғ” кўчалари аҳолиси бир тан-у бир жон бўлиб, openbudjet.uz дастурида фаол қатнашгандилар.

Аммо, узоқ кутилган қиймати 1,2 миллиард сўмлик лойиҳа ишлари, уларнинг ҳафсаласини пир қилди. Бизга йўлланган видеоларда йўл қурувчиларнинг сифатсиз бажарган ишлари яққол кўриниб турибди.

Аслида лойиҳага кўра, кўчаларда дастлаб тупроқни булдозер ёрдамида 20 см.гача четга суриш, кейин автогрейдер билан тупроқда икки томондан ён ариқлар очиш ва охирида 5 см қалинликда асфальт ётқизиш белгиланган эди. Ваҳолангки, кўчаларга бор-йўғи 2 см атрофида асфальт тўшалибди.

Ундан аввал эса йўллар юзаки текисланган. Қум шағал аралашмаси тўкмасдан асфальт ётқизиш ишларини бажариб кетишган. Аҳоли қилинган ишлардан норози.

-Жуда хурсанд бўлгандик, халққа жуда маъқул тизим яратилганидан. Аммо, ўйлаганимиз “шаптолиқоқи” экан, -дейишмоқда улар.Хом-хатала иш қилган йўл қурувчилар ҳам энидан, бўйидан уриб, ўзларига нимадир “бичиб-тикишганга” ўхшайди.

Нима дейсиз, йўлсозларнинг бу ўйлагани “шаптолиқоқи”микан, ё одамлар ўйлагани-ми? Бу саволга, албатта, опенбюджет ижросини “қаттиқ назорат”га олган прокуратура идоралари якуний жавоб айта оладилар. Таҳририятимиз мазкур савол жавоби расман эълон қилиниши билан уни сиз муҳтарам ўқувчиларига ҳам етказади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan