МУРОЖААТ

Янги имкониятлардан фойдаланамиз

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов халққа мурожаат йўллади.

Ҳар бир ислоҳотнинг ижрочиси инсондир. Шунинг учун мамлакатимизда одамларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг умрини узайтириш, касалликларини эрта аниқлаш, беморларни зудлик билан хасталиклардан халос этишнинг изчил чоралари кўрилаяпти. Инсон манфаати ва уларнинг ижтимоий ҳимояси устувор бўлган давлатимизда аҳолининг саломатлигига ғамхўрлик қилиш Президентимизнинг эътибори ва диққат марказида бўлиб келапяти.

Ўтган беш йил ичида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, республика соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда марказий шаҳарлар ва олис қишлоқларда яшовчи юртдошларимизга бирдек малакали тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал этишда тиббиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан эса ҳар бир фуқаро хабардор.

Ўзбекистон мустақил бўлганига 31 йил бўлаётган бўлса, шу вақт мобайнида биринчи марта давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан янги форматдаги “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Унда соҳа ходимлари фикрини эшитди, тиббиётнинг барча йўналишларида амалга оширилиши лозим бўлган муаммолар ечимига оид 10 та фармон ва қарор қабул қилинди.

Президентимиз ва ҳукуматимизнинг соҳага оид беқиёс ғамхўрлиги ҳамда бошланган ислоҳотлар Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кескин бурилишлар ясалишига, янги ва замонавий шифохоналар қурилишига, улар энг сўнгги русумдаги тиббиёт аппаратлари  ва ускуналари билан жиҳозланишида ўзининг ижобий самарасини бераяпти.

Бугун вилоятдаги шифохоналарнинг ўзида мамлакатимизнинг марказий шаҳарларидаги нуфузли даволаш муассасалари ҳамда ихтисослаштирилган марказларнинг энг тажрибали врачлари ва хорижий давлатлардан, жумладан, Россия Федерациясидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилаётганидан элимиз ҳам хабардор, ҳам миннатдор. Буларнинг барчаси Президентимизнинг халқимиз саломатлигини тиклаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари мевасидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги  “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича вилоятимиздаги тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда ижобий ишлар қилинаяпти. Белгиланган режага асосан 2022-2025 йиллар орасида тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш назарда тутилиб, шу йилнинг ўзида вилоятимиздаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига 67 та янги русумдаги махсус автотранспорт воситалари келтирилди. Бу эса халқимизнинг саломатлигини тиклаш, дардга чалинганларга тез ташхис қўйиш ва касалликларини аниқлаш, ўз вақтида муолажа қилиш, айниқса, олис қишлоқлардаги аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Президентимиз раислигида 2022 йил 17 июнида болалар онкогемотологияси тизими ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сурхон воҳаси тизим ташкилотларида ҳам бир қатор ижобий ишлар бошланган.

Хусусан, бугунги кунда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида 20 ўринли гемотология бўлими очилган бўлиб, бу ерда вилоятнинг барча гўшаларидан дардига шифо излаб келган 18 ёшгача бўлган гемотологик ва онкогемотологик хасталикларга чалинганлар даволанаяпти. Вилоятдаги 18 ёшгача бўлган онкогемотологик хасталикларга учраган болаларни республика болалар гемотологияси, онкологияси, клиник иммунологияси маркази мутахассислари билан ҳамкорликда даволаш чоралари кўрилмоқда. Тиббиёт соҳаси ходимлари билан учрашув ва суҳбатлар жараёнида уларнинг муаммоларини ҳал этиш омиллари изланмоқда. Жумладан, онкогемотологик хасталикларни аниқлаш ва ташхислаш имкони вилоятдаги шифохоналарда мавжуд бўлиб, фақат полихимиятерапия муолажаларини олиш учун беморлар марказдаги шифохоналарга жўнатилмоқда. Бу масалада шифокорлар билан маслаҳатлашувлар олиб борилаяпти ва узоғи билан келгуси йил март ойигача полихимиятерапия муолажалари Термиз шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ташкил қилинади. Шуни айтиш керакки, беморларга ишлатиладиган химиявий препаратлар таъминотида  муаммо йўқ.

Бундан ташқари, вилоятда онкогемотологик хасталикларга чалинган 100 нафар беморни дори-дармон билан таъминлаш ва лаборатор асбоб-ускуналар билан хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида вилоят қон қуйиш станциясида тромбоконцентрат тайёрлаш учун ўрнатилган трима аппаратидан самарали фойдаланилмоқда. Натижада онкогемотологик хасталикка учраган беморлар пойтахт ва марказий шаҳарларга сарсон қилинмаяпти, улар Термиз шаҳридаги тиббиёт муассасасида тромбоконцентрат олиш имконига эга бўлишган. Бу эса оғир аҳволдаги беморларни тезда соғайтириш ва даво муолажаларини барвақт бошлашга замин яратмоқда.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз саломатлигига нафақат шифокорлар ва соҳа ходимлари, балки ҳар биримиз масъул эканимизни дилдан ҳис этиб, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини вилоятимизда тўлақонли амалга оширишга бор имкониятларни ишга соламиз.

Тўра Боболов, Сурхондарё вилоят ҳокими

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan