МУРОЖААТ

Бойсун тумани раҳбарлари диққатига: Бозорми бу ё озор?

Таҳририятимизга бойсунлик фуқаро тумандаги “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган мол бозори фаолияти тўғрисида шикоят хати йўллаган. Уни «Diyor24.uz» сайтига таҳрирсиз жойладик.

«Маълумки, мамлакатимизда барча турдаги бозорлар фаолияти тегишли қонун ва қарорлар асосида тартибга солинган. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28-августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сон қарори асосида кейинги йилларда барча бозорлар замон талабларига тўлақонли жавоб берадиган ва аҳолига сифатли бозор хизматларини кўрсатиш учун шарт шароитлар яратилган холга келтирилиши мажбурий вазифа қилинган. Афсуски, туман марказида мавжуд бўлган мол бозори наинки ушбу қарор талабларига балки амалдаги санитария-эпидемологик ва солиқ қонунчиликларига мутлақо амал қилмаган холда фаолият кўрсатиб келмоқда.

“Мустақиллик” маҳалласида жойлашган мол бозори аслида мол бозори хам деб бўлмайди чунки, ушбу бозор “Бойсун Вахшивори” деҳқон озиқ-овқат бозори” МЧЖ шаклида ташкил этилган бўлиб, ваҳоланки у жойда “деҳқон озиқ-овқат бозори”дан асар ҳам йўқ.

Юқорида кўрсатилган қарорнинг 1-иловаси 2-бандига мувофиқ;

“деҳқон (озиқ-овқат) бозори — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган жойларда доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган ҳамда савдо расталари, савдо ўринлари ва турғун савдо шохобчалари (шу жумладан савдо павильонлари)дан фойдаланган ҳолда кенг турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларнинг чакана савдоси учун зарур шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган мулкий комплекс;

чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар бозори — юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси ҳисобланадиган, деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган филиали” хисобланиши аниқ белгилаб қўйилган. “Бойсун Вахшивори” эса манашу талабларга зид равишда  “деҳқон озиқ-овқат бозори” номи ҳимоя воситаси сифатида олиниб, аслида, таъкидлангандек мол бозори сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Бироқ, мол бозори учун ҳам деҳқон бозоридан кам бўлмаган қатъий талаблар мавжуд ва бугунги кунда ўша талабларини мол бозорида соясини хам учратмайсиз. Хусусан, бозор ҳудудида тартиб-интизом йўқ, авто транспорт воситалари ва одамлар ҳаракати учун умуман шароитлар яратилмаган. Деҳқон озиқ-овқат бозори сифатида ташкил этилган бозорида савдо расталари мавжуд эмас, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари лой, чанг ва молларнинг гўнг ва чиқиндилари қоришган очиқ ер майдонларида сотилади.

Айниқса, ёғингарчилик мавсумида бозорнинг барча ҳудуди, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган майдонлар ботқоқга айланади. Сотувчи ва харидорларни қор-ёмғирдан сақловчи айвонлар мавжуд эмас. Бозор худудида санитария-гигиена талабларига хеч бир амал қилмаган холда овқатланиш нуқталари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бозор ҳудудида ёнғин хавфсизлигига умуман амал қилмаётгани хам бозор маъмурияти ва ёнғинга қарши кураш бўлинмаси ходимларини ташвишга солмаётгани ҳам ачинарли.

Бозор ҳудудида ташкил этилган сомон бозорида шанба-якшанба кунлари ўнлаб, юзлаб юк машиналарида тез ёнувчи сомон, беда ва бошқа чорва емишлари сотилиши ташкил этилгани ва бу ерда ҳам ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо риоя этилмаслиги вазиятни янада аянчли аҳволга солган.

Бозорнинг чорва моллари сотиладиган ҳудуд бундан ҳам аянчли аҳволда. Майдон деярли ёритилмайди, натижада бу ерда вақти-вақти билан ўғирликлар содир бўлиб турибди. Ушбу ҳудудга кириш-чиқиш дарвозаси олдида қўлларида таёқ ёки шунга ўхшаш жисмлар билан “қуролланган” ходимлар (паттачилар)нинг харидор ва сотувчиларга қилаётган қўпол муомилаларини кўриб дилингиз хуфтон бўлади.

Улар кўполлик билан сиздан ҳар қандай йўлини қилиб патта пулини олишадию, сизга назорат-касса чекини беришни  “унутиб қўйишади”. Чунки, шу пайтгача бу ерда бирор бир мижоз назорат-касса аппарати ёки терминал тўлиқ ишлатилганини кўрмаган, ваҳоланки амалдаги тартибларга кўра назорат-касса аппарати ва терминалсиз бозорлар фаолиятига рухсат берилмайди.

Мол бозорда ушбу катъий тартибга амал қилинмаётганлигининг сабаби савдо тушумларини банкдан ташқарида айлантириш, банк муассасасига иложи борича камроқ топшириб, кўпроқ чўнтагига шахсий манфаат учун уришни кўзлашдан бошқа нарса эмас.

Йирик шохли молларни боғлаб қўйиш учун деярли шароит йўқ. Мижозлар очиқ жойда ушлаб туришга мажбур бўлаётганлиги сабабли фуқароларга молларнинг ҳужум қилиши ва тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳам рўй бермоқда.

Бозорда авто уловлар учун автотураргоҳ мавжуд эмас. Бозорга келган транспорт воситалари кўчаларни ёпиб, тўғри келган жойда тўхташади ва натижада бозор атрофидаги автомобил йўлларида турна қатор тирбандликлар ҳосил бўлади. Бу эса ҳайдовчи ва пиёдалар ўртасида ўзаро жанжалларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Аксарият ҳолларда тирбандлик сабаб фуқаролар чорва молларини бозорга киритиш учун соатлаб навбат кутишга мажбур бўлишишади.

Дезинфекция ва дезинсекция ишлари номигагина амалга оширилади.

Бу ҳақда тегишли идораларга мурожаат қилишимизга қарамай, туман ҳокимлигининг масъул ходимлари томонидан маъсулиятсизликка йўл қўйилиб, муаммо ижобий ҳал қилинмай келинмоқда.

Жорий йилнинг апрел ойи бошларида туман ҳокимлигининг ходимлари томонидан мен ва бозор маъмурияти ходимлари биргаликда бозор ҳудудига бориб, мурожаатимда келтирилган фактларни жойида ўргандик ва улар мендан розилик хати (тушунтириш хати) ёзиб беришимни сўрашди. Тушунтириш хати ёзиб берган тақдиримда кўрсатилган камчиликларни тез кунларда бартараф қилишларини таъкидлашганига қарамасдан орадан бир ой муддат ўтган бўлса ҳам ҳеч қанақанги ўзгариш қилинмаган.

Умуман олганда, ушбу деҳқон бозори номи билан аслида мол бозори сифатида фаолият кўрсатаётган бозордаги муаммолар, тартибсизликлар ҳақида қанча гапирсак ҳам охирига етиб бўлмайди.

Шу сабабли. ушбу бозордаги тартибсизлик холатларини назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари томонидан жойида ўрганиш керак . Чунки, бу ердаги тартибсизлик ва қонунбузарликлар айнан бозор маъмуриятининг қонун-қоидаларни писанд қилмаслиги, маъсулиятсизлиги сабабли рўй бермоқда.

Бу ерда бир марталик патта пуллари хисобидан тушаётган миллионлаб маблағлар бозор маъмурияти ва уч тўрт нафар паттачилар томонидан шахсий манфаатлари йўлида ўзлаштириб юборилаётгани сабаб, ушбу бозор ташкил этилганига кўп йиллар бўлишига қарамай, бу ерда юқорида таъкидланганидек мижозлар учун хеч қандай шароит яратилмаган ва бозор мутлақо талабга жавоб бермайдиган аянчли аҳволга келтирилган.

Шундай экан, ушбу бозор раҳбарлари томонидан бозор фаолиятига оид қонун талаблари мунтазам бажарилмаётганлиги, ўз вазифасини уддалай олмаётганлиги учун ҳам тадбиркор сифатида амалдаги тартибларга асосан чора кўрилиб, вазифасидан олиб ташлашгача бўлган  жазо белгиланиши адолатдан бўлади, деб ҳисоблайман,»-дейилади мурожаатда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan