ЖАМИЯТ МУРОЖААТ

Алишер Амировдан хат борди: Ҳоким бобо адашган кўринадилар ё бошқачамикан..?

Шеробод тумани “Каттабоғ” маҳалласи “Нуробод” кўчаси 66-уйда яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 3 фарзандли оила боқувчиси Камол Ҳамидовдан таҳририятимизга мурожаат йўлланди. Унда воҳадошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонасининг Ишонч телефонига яшаш уйини таъмирлашда ёрдам сўрагани ва бунга жавобан Шеробод тумани ҳокимлигидан хат олганлигини билдиради.

Камол Ҳамидовга 2020 йил 6 августда юборилган №Вқ/Х 696 рақамли ушбу хатда мурожаатчига “яшаш уйини ўз маблағи ҳисобидан таъмирлаши керак, туман ҳокимлигида қурилиш материаллари захираси мавжуд эмас, мавжуд томорқангиздан унумли фойдаланиб, имтиёзли банк кредитларидан фойдаланиб оилавий даромадингизни оширишингизни тавсия қиламиз”, дейилади. Хатда, шунингдек, ёрдам берилмаслиги учун “улкан сабаб» яъни, унинг 15 сотих томорқаси мавжудлиги факти келтирилган. Хатда: “пандемия вақтида … сизнинг оилангизга озиқ-овқат берилганлиги маълум бўлди”, ҳам дейилади. Фуқаро эса видеомурожаатида ҳеч қачон ёрдам сифатида озиқ-овқат олмаганлигини таъкидлаб ўтади. Камол Ҳамидов бу ҳақда айнан:

– Колл центрга мурожаат қиламиз, рўйхатга олдик, юборамиз, дейди. Лекин ҳеч қандай натижа йўқ. Ҳокимиятдан келган хатда “озиқ-овқат олгансиз” деб ёзилган, имзо чекилган деб мурожаат қилсам, “ўрганамиз, англашилмовчилик бўлган, бошқа мурожаат қилиб ётманг” деб қўйишади”, дея таъкидлаган.

Қизиқ, яшаш уйи таъмирталаб бўлган фуқарога шу тахлитда тавсиялар билан чекланиш нақадар тўғри экан-а? Марказга телефон қилиб озиқ-овқат сўраган фуқарога берилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари қаерга “гум” бўлдийкин? Президентимиз ташаббуси билан берилган пул кўринишидаги моддий ёрдамлар-чи, Шеробод тумани “Каттабоғ” маҳалласида ўз эгаларига етиб борганми, агар шундай бўлса, наҳот, хароба уйда яшаётган К.Ҳамидовга берилмаган ёки ундан ночорроқлар шунчалик кўпмикан?

Мазкур саволларга вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда прокуратура идораларидан асослантирилган жавоблар кутиб қоламиз. Ўйлаймизки, бу жавоб номаларида юқоридаги сингари шубҳали асослар келтирилмайди!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan