ЖАМИЯТ

Афғонистондаги қуролли отишмада ўзбекистонлик ишчи яраланди

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти баёнотига кўра, 20 август куни “Сўғдиёна транс” шўъба корхонаси ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари, ҳайдовчи ва Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари Ҳайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишган. Шундан сўнг темир йўлнинг тахминан 43-километри яқинида уларга номаълум шахслар томонидан қуролли ҳужум уюштирилган. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.

Жароҳат олган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари корхонага тегишли автомашинада Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган.

20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Афғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Вазирлар Афғонистоннинг Балх вилоятида содир бўлган ушбу ҳодисани муҳокама қилган. Ҳаниф Атмар мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётгани ва унга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan