ЖАМИЯТ

Адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам турлари ҳақида биласизми?

Қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин:

▪️ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради;

▪️ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузади;

▪️фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади;

▪️жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов босқичида ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади;

▪️тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади.

▪️ҳакамлик судида ва халқаро тижорат арбитражида (судида) вакилликни амалга оширади.

Адвокат қонунчиликда ман этилмаган бошқа турдаги юридик ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.

Адвокатлик фаолиятининг шартномавий асослари

Адвокатлик фаолияти адвокат билан ишонч билдирувчи шахс (ёки ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Бундай шартнома — ишонч билдирувчи шахснинг (ёки унинг тайинлаган вакили) манфаатларини ифода этувчи фуқаролик-ҳуқуқий битим ҳисобланиб, у ёзма шаклда тузилади.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш тартиби, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан белгиланади.

Адвокат қайси адлия органи томонидан гувоҳнома олганидан қатъи назар, у ишонч билдирувчи шахс билан шартнома тузишга ҳақли. Бу ҳолат шахснинг яшаш манзили ёки жойлашган ҳудудидан қатъи назар амал қилади.

Шартноманинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

▪️ топшириқни бажарадиган адвокат ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан унинг гувоҳнома реквизитлари;

▪️ топшириқнинг предмети;

▪️кўрсатиладиган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс томонидан ҳақ тўлаш шартлари;

▪️адвокатнинг топшириқни бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби ва миқдори;

▪️адвокатнинг жавобгарлиги, унинг ҳажми ва хусусияти.

Шунингдек, адвокатнинг ҳақ олиши ва харажатларни қоплаш ҳуқуқи ишонч билдирувчи шахснинг махсус розилигисиз учинчи шахсларга ўтказилмайди.

Ишонч билдирувчи шахс адвокатга тўлайдиган ҳақ ҳамда унинг харажатларини қоплаш маблағлари шартномада кўрсатилган тартиб ва муддатларда амалга оширилади. Ушбу маблағлар тегишли адвокатлик тузилмаси кассасига ёки банкдаги ҳисобварағига кирим қилиниши шарт.

Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси С.Каримов   

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan