Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон қадри устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу билан биргаликда судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги кўп ҳолларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаётганлиги, судга мурожаат қилиш имкониятини чеклаётганлиги сабабли ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар, шунингдек суд амалиёти таҳлили натижаларидан келиб чиққан ҳолда одил судловни такомиллаштириш зарурияти келиб чиқмоқда.
Жумладан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 262-моддасига кўра апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Айрим ҳолларда тадбиркорлик субъектлари томонидан турли сабабларга кўра апелляция шикоятини беришнинг муддати икки ойдан ҳам кечиктирилганлиги сабабли биринчи инстанция суди қарори устидан юқори инстанция судларига шикоят қилиш ҳуқуқлари чекланаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилишмоқда.
Шу муносабат билан аҳолининг таклифларини инобатга олиб, мақсадида юқорида таъкидланган икки ойлик муддатни олти ойга ўзайтиришни тақозо этади.
Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 186-моддасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкинлиги белгиланган.
Ушбу белгиланган даъво муддатининг қисқалиги, кўп ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаётганлиги, суд мурожаат қилиш имкониятини чеклаётганлиги сабабли ушбу муддатни қайта кўриб чиқиб, уни узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, хусусан, соҳада фаолият юритиб келаётган амалиётчи-юристлар, фаол ҳуқуқшунос-блогерлар томонидан мунтазам равишда таклифлар ва мулоҳазалар билдириб келинмоқда.
Шу муносабат билан, аҳолининг таклифларини инобатга олиб, судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш, аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида давлат органлари қарори устидан судга шикоят қилишнинг юқоридаги муддатини олти ойгача узайтириш зарурати вужудга келмоқда.
Юқоридагилар инобатга олиниб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, тарафларнинг судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш бўйича аҳолидан келиб тушаётган таклифларни амалиётга жорий қилиш мақсадида Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришларни киритиш назарда тутилмоқда:
иқтисодий суд ишларини юритишда апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечиктирмасдан берилиши белгиланган икки ойлик муддатни олти ойга узайтириш;
маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан суд шикоят қилишнинг уч ойлик муддатини олти ойга узайтириш.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунда давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан БҲМнинг 1 баравари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида одил судловга эришиш даражасини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш мақсадида фуқаролар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идораларнинг хатти-ҳаракатлари устидан маъмурий судларга бериладиган аризалардан ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Статистик рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, 2020 йил давомида маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идора (мансабдор шахс)ларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топишга доир жами 6 920 та иш кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 5 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда эса, ушбу рақамлар 5 761 тани ташкил этиб, шулардан 3 538 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.
Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг деярли 90 фоизидан ортиғи айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган ариза (шикоят)ларни ташкил этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу тоифадаги низолар бўйича бериладиган аризалардан давлат божини камайтирилиши фуқароларга одил судловга эришиш учун янада қулайликларни яратади.
Шу муносабат билан, Олий суд томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Юқоридаги қонун лойиҳалари юзасидан айни пайтда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ва мулоҳазалари олинмоқда.
Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар:
– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларинингсуд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга;
– турли сабабларга кўра вақтида шикоят қилаолмаган тарафларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш имкониятини кенгайтиришга;
– давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилиниши кенгайтиришга;
– фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Зоир Рустамов, Денов туманлараро иқтисодий суди раиси