ЖАМИЯТ

Шерободда қишлоқ аҳолиси муаммолари ўрганилди, ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланди

Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётир.

Бугун, 18 январь куни Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Пардаев бошчилигидаги вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарларининг Шеробод туманидаги Чорбоғ ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолиси билан ўтказлган очиқ мулоқотида ҳам  ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этилди.

Шундан сўнг Шеробод цемент заводи ҳудудида ташкил қилинган намунавий иссиқхонага ташриф буюрилди. Умумий майдони 1 гектар бўлган ушбу иншоотда гидропоника шароитида помидор парвариш қилинади.  Иштирокчилар бу сабзавот маҳсулотини янги технология асосида тупроқсиз маҳсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштириш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг 2019 йилнинг ноябрь ойида Шеробод туманининг Майдон қишлоғида ўтказган сайёр қабулида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ечими ўлароқ ушбу иссиқхонада иш билан таъминланган 25 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлашилди.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бунёд этилган Шеробод цемент заводида йилига 1,5 миллион тонна сифатли портланд цемент ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар нафақат ички бозорда сотилади, балки, унинг маълум қисми қўшни Афғонистонга ҳам экспорт қилмоқда.

Корхонада 1200 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш таъминланган бўлиб, уларнинг 70 фоизи ёш мутахассислардир. Завод фаолияти билан танишувдан сўнг “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ана шу ёш мутахассислар билан учрашув бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзидаги учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, муаммолар ечими юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва бошқа мутассадиларга мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олишди.