ЖАМИЯТ ТЕХНОЛОГИЯ ЎЗБЕКИСТОН

ИМЕИ-код «шов-шувлари» ортидан текширув бошланди!

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хориждан келган фуқароларнинг янги телефони аппаратининг ИМЕИ-кодларини рўйхатдан ўтказишда муаммо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларнинг барчаси бир нарсадан шикоят қилган. Фуқаролар хориждан келган, уларнинг паспортини йиғиб олиб, ўзларини карантинга жойлаштиришган. Карантин муддати якунлангач, улар ўзига янги телефон олиб ёки ўзи билан олиб келган қурилмасини паспортига рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат қилганида, уларнинг паспорти билан аллақачон бошқа телефон аппарати рўйхатдан ўтказилган бўлиб чиқяпти.

 

Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

 

Вазирлик аввало ИМЕИ кодларини рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига тўхталиб ўтган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ва 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш” тўғрисидаги қарорларига асосан мобил қурилмалар ИМЕИ кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган.

 

Низомга асосан мобил қурилмаларнинг ИМЕИ-кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний ва юридик шахслар учун тегишли тартиб ва талаблар белгиланган. Унга асосан жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказишни онлайн (веб-сайт, Ягона Интерактив Давлат Хизматлари портали), масофавий (СМС/УССД-сўровлар) ёки рўйхатдан ўтказиш пунткларига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириш имкониятлари яратилган.

 

Жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларнинг ИМЕИ-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун шахснинг паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг ИМЕИ-кодини тақдим этиш талаб қилинади. Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобил қурилмаларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганлигини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар текширилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Тизим оператори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

 

Бироқ, рўйхатдан ўтказиш масофавий бўлгани учун бир одам бошқа бир шахснинг паспортига ИМЕИ-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари кузатиляпти.

 

“Рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида фойдаланувчи билан шахс ўртасида контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар ИМЕИ-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

 

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида, Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.

 

“Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда. Тергов суриштирув ишлари натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”, дея якунланган вазирлик баёноти.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan