ЎЗБЕКИСТОН

Сирдарёда сифатсиз бензин сотаётган “заправка” аниқланди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида сифатсиз ёнилғи сотилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг “I.P.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текширув ҳужжатлари ўрганилганда, ушбу «заправка»да 10 730 литр AI-92 маркали автобензиннинг октан сони бўйича сифат кўрсаткичи давлат стандарти параметрларига мос келмаслиги ошкор бўлган. 

Шунингдек, МЧЖ томонидан мижозларга сифатсиз ёнилғи сотилганлиги оқибатида 12 нафар фуқаронинг автотранспорт воситасига 103,2 млн сўмлик моддий зарар етказилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan