ЎЗБЕКИСТОН

ЖАНУБДА ҲАРБИЙ ҚИСМ ТАШКИЛ ТОПГАНЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз умумқўшин дала палигонида жойлашган ҳарбий қисм ташкил этилганига 31 йил тўлди.

Шу муносабат билан ҳарбий қисмга дастлаб Термиз шаҳридаги олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумтаълим мактабларининг талабалари, ўқувчи-ёшлари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари таклиф этилиб, “Миллий армиямиз ёшларимиз қалбида садоқат, жасорат ва матонот туйғуларини мустаҳкамловчи ҳаёт мактаби” мавзуида очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбирда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондрнлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев қутлуғ сана билан барчани табриклаб, ҳарбий қисм тарихи ва ўтган даврда ҳарбий хизматчилар кўрсатган жасоратлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Мустақиллик йилларидан буён ушбу ҳарбий қисмда Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилган кўрик-танловлар ҳамда бир қатор давлатлар билан ҳамкорликдаги ўқувларда мезбонлик қилди.

Кейинги йилларда ҳарбий қисм жойлашган ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгарди. Ётоқхона, ошхона ва бошқа бинолар тубдан реконструкция қилиниб, ҳарбий хизматчилар учун барча замонавий шароит барпо этилди. Маданият маркази ва спорт зал таъмирланиб, ҳарбийларнинг бўш вақтини мазмунли, мароқли ўтказиш учун қўшимча қулайликлар яратилди, янги жиҳозлар билан таъминланди.

–Юз берган бундай ўзгаришлар ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, маънавиятини янада юксалтириш ва жисмонан чиниқишида муҳим ўрин тутмоқда, –дейди ҳарбий қисм командири подполковник Учқун Тожиев.– Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик рухида тарбиялашга иштиёқи янада кучаймоқда. Ҳарбий қисм ташкил топган сана муносабати билан ўтказилаётган мазкур тадбир ҳам ана шундай улуғвор мақсадга йўналтирилган.

Шу куни ташкил этилган тадбир доирасида ёшлар ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан танишди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали жанговар чиқишлари намойиш этилди.

Талаба-ёшлар ва ёш ҳарбийлар ўртасида спортнинг арқон тортиш, спорт тенниси, армрейслинг, ҳарбий эстафета, кураш турлари бўйича мусобақалар уюштирилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. Энг фаол иштирок этган жамоаларга ҳарбий қисмнинг 31 йиллиги муносабати билан тайёрланган махсус совғалар туҳфа қилинди. Қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

III даражали сержант Акбар Аҳмедов,
Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan