ХАБАРЛАР

ЖИНОЯТНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида “маҳаллабай” ишлаш тизимини жонлантириш, сайёр суд ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, бу борада судлар, ички ишлар органлари ҳамкорлигини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Мазкур тадбирларда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда судларнинг асосий қисми жойларда, сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Бундай тадбирлардан кейин эса аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, уларга қонунчиликдаги ўзгаришлар, жиноят оқибатлари кенг тушунтириб борилмоқда.

Жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир тадбирларни амалга оширишда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьялари томонидан Термиз Агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида талабалар билан очиқ мулоқот тарзида учрашув ўтказилди.

Тадбирда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини юксалтириш ҳар қайси жамиятда долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди.  

– Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” ёндашуви барча соҳаларда биринчи ўринда туриши ҳақидаги талаби ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида, шу жумладан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда устувор тамойил бўлиши керак,  – дейди жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси Икром Шайманов. 

Шунингдек, ушбу учрашувда содир этилган бир жиноят иши мисолида унинг келиб чиқиш сабаблари, ҳуқуқий оқибатлари, жамиятга таъсири ва жиноят содир этилишининг олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, мазкур олийгоҳнинг 2-босқич талабаси бўлган З.Ш содир этилган жиноят суд томонидан атрофлича ўрганилганида, Термиз Агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти Агрологистика ва бизнес факультетига алоқадор мансабдорлари томонидан университетда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини амалга оширмаганлиги, тегишли тартибда жиноят содир этишга мойил бўлган талабалар билан индивидуал суҳбатлар олиб борилмаганлиги юзасидан танқидий фикр юритилди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан чиқарилган суднинг ҳукми ва хусусий ажрим судьялар томонидан мазкур институт ўқитувчи ва талабалари иштирокида муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, учрашув якунида судлар томонидан кўрилаётган аксарият жиноят ишлари талабалар томонидан содир этилаётганлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада амалдаги қонунчиликка қатъий амал қилиш ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида тегишли тушунтиришлар берилди.

Шерзод Юлдашев, Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan