Адлия вазирлиги Сурхондарё вилояти Термиз шаҳардаги «Дамас» русумли автомашиналарга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш тақиқланиши билан боғлиқ масала юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали ахборот бермоқда.
«Ҳокимларнинг қарорлари адлия органларининг ижобий хулосасига асосан қабул қилиниши лозим» сарлавҳали муносабатда вазирлик томонидан ҳоким қарорини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилгани маълум қилинган.
«Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳокимликлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш Вазирликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунга кўра, мазкур масала юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Термиз шаҳар ҳокими томонидан 2019 йил 13 июнда «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор билан шу жумладан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб Термиз шаҳри ичида «Дамас» русумли транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатиш бўйича мутасадди идораларга вазифалар юкланган.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур қарор лойиҳаси Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принципларини бузиши мумкинлиги туфайли Савдо-саноат палатаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши лозимлиги ҳақида хулоса тақдим этилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши лозим.
Бироқ, Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан қарор тегишли идоралар билан келишилмасдан, адлия бўлимининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича ижобий хулосасини олмаган ҳолда қабул қилинганлиги натижасида қатор қонун ҳужжатлари талаблари бузилган.
Юқоридагиларга кўра, 10 кунлик муддатда мазкур қарорни бекор қилиш, шунингдек айбдор шахсларга тегишли чоралар кўрилиши учун 2019 йил 3 июль куни Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан Термиз шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
Маълумот ўрнида Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти қатъий назорат остига олинганини, бу бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан ҳокимликларга тегишли ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиб келинаётганини билдиради.
Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан киритилган тақдимномаларга асосан туман (шаҳар) ҳокимларининг 160та қарорлари бекор қилинган, 165 нафар масъул шахс жавобгарликка тортилган», дейилади Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабарида.