ЖАМИЯТ

Ёзни мароқли ўтказинг

Термиз шаҳридаги  “Амударё” дам олиш масканида ёзги мавсум бошланди. Шу муносабат билан барча шароитларга эга бўлган  сузиш ҳавзаси ёшлар ихтиёрига топширилди. Ёзни мароқли ўтказишни истаган аҳоли ва ёшлар учун бир қатор ижтимоий ва маиший ишоотлар, хизмат кўрсатиш  обеъктлари ҳам иш фаолиятини бошлади.

Сўлим масканда спорт-соғломлаштириш марказлари, ёпиқ ҳамда очиқ сузиш ҳавзалари, сунъий қомламали ҳамда қумли футбол майдончалари, мусиқали фаввора, болаларнинг ижод қилиши ва китоб мутолааси учун  табиий яшил майдончалар, қайиқлар турар жойи, музқаймоқ ва яхна ичимликлар, умумий овқатланиш шаҳобчалари ҳам фаолият юритмоқда. Эътиборлиси бу масканда дам олувчиларнинг келиб кетишлари учун 2- ва 4- йўналишдаги автобуслар қатнови ҳам йўлга қўйилган.

Ёзги  мавсум олдидан ташкил этилган тадбир давомида очиқ майдондаги сузиш ҳавзаси ёшлар ихтиёрига топширилди. Ўзига хос пляжда эндиликда бемалол чўмилиб, танангизни  офтобда чиниқтириш мумкин. Албатта, бу чўмилиш жойининг иш бошлаши, нафақат, сузиш билан шуғулланувчи ёшлар балки, шаҳар аҳолиси учун  айни муддао бўлди.