Пенсия жамғармаси ахборот хизмати хабар беришича, Республикада карантин эълон қилинган муддатдан эътиборан (2020 йил 24 март) муайян сабабларга кўра ёшга доир пенсия тайинланиши учун ўз вақтида мурожаат қилолмаган фуқароларга ўтган даврлар учун ҳам маблағ тўлиқ тўлаб берилади.
Бу нима дегани?
Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 24 мартдан коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинган ва бугунги кунга қадар бекор қилинмаган. Бунда, фуқаро пенсия олиш ҳуқуқи 2020 йил 24 мартдан кейин пайдо бўлиб, пенсия тайинлаш учун 2022 йил март ойида мурожаат қилган бўлса ҳам унга пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган санадан бошлаб тўлиқ тўлаб берилади.
Мисол учун: Фуқаро (эркак) 2020 йил 1 май куни 60 ёшга тўлди. Бироқ, турли сабаблар туфайли пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига ўз вақтида мурожаат қила олмади ҳамда 2022 йил январь ойида (яъни 20 ойдан кейин) пенсия тайинлаш учун мурожаат қилди. Бунда ушбу фуқарога 2020 йил1 майдан пенсия тайинланиб, унга 2020 май – 2022 йил январь ойлари (20 ой) учун пенсияси бир йўла ҳамда келгусида ҳар ойлик пенсияси тўланади.