ТУРИЗМ

Оппоқ қордан жазирама иссиққача

Сурхондарё – қадриятлар бешиги

Сурхон воҳаси нафақат мамлакатимизнинг энг иссиқ ҳудуди, балки қадриятлари билан ҳам маълум ва машхур. Ҳанузгача, тешиктош ғоридан топилган неандертал бола бош чаноғи ва суяклари ҳамда топилган ашёлар тарихчи олимларимизнинг тадқиқот объекти бўлиб қолмоқда. Воҳамизда номоддий халқ дурдоналари ҳам мавжудки, уларни сақлаш, фойдаланиш, тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказиш асосий вазифалардан ҳисобланади. Биз сўз юритмоқчи бўлганимиз эса ўтовдир.

Унинг фойдали хусусиятларидан бири – қишнинг изғиринли кунлари-ю, ёзнинг жазирама кунларида ҳам кишига илиқлик олиб келади. Айтиш керакки, деҳқончилик билан шуғулланувчи чорвадор аҳолининг асосий турар жойлари мавсумий ва вақтинчалик бўлиб, уларни лочиқ, капа, чум, чайла, чодир, ер том, тўла, чўпон тўла, боғ том, ўтов, қора уй, оқ ўтов, қизил ўтов кабилар ташкил этган. Мавсумий ва вақтинчалик турар жойлар ичидан энг кўп тарқалгани ўтов (қора уй) бўлиб, унинг вужудга келиш тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади.

 Милоддан аввалги V асрда тарих отаси Геродот ўзининг “Тарих” номли асарида аргиппларни мавсумий ва вақтинчалик турар жой сифатида қурган, уй жой учун қурилиш анжомини табиий ўсиб турган дарахтлардан фойдаланганликлари ҳақида тўхталиб: “Ҳар бир оила дарахт тагида яшайди, қишда дарахт қалин оқ кигиз билан ёпилади, ёзда эса кигиз олиб ташланади”, -дея қайд этади.

Ўғузларга ўтов бир мингинчи йилликнинг охирларида кириб келган. Муаллифи номаълум “Ҳудуд ал-олам” номли асарда Иртиш бўйларида истиқомат қилган қалмоқлар ҳақида тўхталиб: “Қишин-ёзин кишилар қора уйларда яшаб, яйлов ва сув ахтариб, кўчиб юрадилар”, -дейилган. Демак, ўтов кўчманчи халқларнинг асосий турар-жой воситаси сифатида милоднинг биринчи минг йилликлари ўрталарида вужудга келган.

Сурхон воҳасида ўтовнинг увуқлари тол новдасидан ясалиб, Хўжамулки, Ободон, Тўла, Чақар қишлоқларида ўн қаричдан ўн тўрт қаричгача бўлса, Ипоқ, Қумпайкал, Қорлуқ, Чеп қишлоқларида саккиз-тўққиз қарич узунликни ташкил этиб, диаметри қўл ўрта бармоғининг бир ярим икки бўғин узунлигини ташкил этган.

Ўтовнинг устки қисми кигиз (намат)дан тайёрланган иккита узук ҳамда тўртта тўрлиқ билан ёпилган. Ёзнинг иссиқ кунларида тўрлиқлар белдовга туриб қўйилиб, салқин бўлиши учун чийлар очиб қўйилган. Ўтовда ёруғлик тушиши, ҳаво алмашиши, сандал, ўчоқларнинг тутунлари чиқиши каби масалалар учун қора уй чанғароғининг туйнуги бўлиб, туйнук кигиз (намат)дан қилинган.

Ўтовнинг эшиги нарвон шаклидаги икки қанотли “Эрганак” бўлиб, эрганак устидан уч қулоч узунликдаги махсус чий, ҳамда чий устидан кигиз (намат) қопланган эшик ёпқич тайёрланган. Эшик ёпқичнинг тепа қисми узукка бирлаштирилган бўлиб, иссиқ вақтларда тепага букланиб қайтарилган ҳолда кўтариб қўйилган, совуқ вақтлардагина туширилиб, уйнинг оғзи беркитилган.

Ёмғир ёққанда ташқаридан ичкарига сув кириб кетмаслиги учун уйнинг ташқи атрофидан “Ғўр”, яъни ариқча қазилган. Шунингдек, ўтовни “Оширма” арқонлари бўлиб, оширма арқонлари чанғароқ устидан оширилган ва икки томонига қоқилган қозиқларга боғлаб, довул ва шамол бўлганда қўзғалмаслиги учун мустаҳкамланган.

Бугунга келиб ҳам ўтовнинг шакли ва шамойили ўзгармаган ва ҳозирда ҳам чорвадорлар яйловларда ўтовлар тикишади ва унинг имкониятларидан кенг фойдаланишади. Буни чорвадорлар кўчиш учун ўтов қулай эканлигини эътироф этишса, иккинчи томондан ўтовнинг киши соғлиги учун ҳам бир қанча фойдали жиҳатлари борлигини таъкидлашади.

Фазлиддин Абдураззоқов