МАДАНИЯТ ТУРИЗМ

АЛОУДДИН АТТОР зиёратгоҳи

Хожа Алоуддин Аттор – асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий. Отаси хушбўйликлар тижорати билан шуғулланганлиги боис сулола “Аттор” лақабини олади. Хожа Алоуддин ўрта бўйли, буғдойранг, истарали, камтар, иқтидори ва фаросати баланд, суҳбати таъсирли, хулқи гўзал киши эди. Отасининг вафотидан сўнг, қолган бой меросини укалари Шаҳобиддин ва Муборакка тақсимлаб беради. Ўзи эса Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурига бориб, синовлардан муваффақиятли ўтади. Илм истагида заҳмат чекиб, юксак рутбаларга эришади. Мадрасаларда қунт билан олган билими, фақирона ҳаёт тарзи, гўзал аҳлоқи билан устозининг назарига тушади. Хожа Нақшбанд уни фарзандидек яхши кўриб, ўзига куёв қилиш истагида Бухородаги мадрасага келади. Унинг эски бўйра устида дарс қилоётганини кўради. Тўшак вазифасини ўтовчи бўйра, ёстиқ ўрнида ишлатиладиган ғишт, ёпинчиқ вазифасини бажарувчи ҳирқа ва таҳорат обдастасидан бошқа нарсаси бўлмаган шогирдига ниятини билдиради. Кўп ўтмай ихчам ва файзли никоҳ маросими бўлиб ўтади. Янги оилада тўрт фарзанд – Хожа Ҳасан Аттор, Хожа Шаҳобиддин, Хожа Муборак ва Хожа Алоуддин исмли ўғлонлар дунёга келади. Уларнинг ҳар бири илм эгаллаб, юксак мақомларга эришади.

Алоуддин Аттор зоҳирий илмларни эгаллагач, Хожа Нақшбанд ҳузурида маънавий таълим-тарбия ва ботиний олам сирларини ўргана бошлади. Шогирди бадавлат оилада улғайгани сабаб, устоз уни бойликдан фахрланиш ва кўнгилдаги манманлик туйғусини батамом жиловлаш учун имтиҳондан ўтказади. Унга бир сават олмани олиб, укалари яшайдиган маҳаллада сотиб келишни буюради. Вазифани бажарган Хожа Алоуддин Хожа Нақшбанддан янги яширин зикр вазифасини олади. Устози унинг маънавий камоли тарбияси билан машғул бўлади. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳали кучдан қолмаган бўлсада, талаба ва муридларининг тарбиясини Хожа Алоуддинга топширади ва бу ҳақда: “Бизнинг юкимизни хийла енгиллатди. Унинг суҳбати ва гўзал тарбияси сабаб кўплаб шогирдларнинг ботин кўзлари очилди, ҳаққа яқинлик йўлида камолга эришди”, деб шогирдидан мамнунлигини эътироф этади. Алоуддин Аттор Хожа Нақшбанддан маънавий омонатни олгач, тўғри йўлни топишда кўпчиликка ёрдамчи бўлди. Барокотли ва файзли суҳбатлари асносида кўп инсонлар маънавий ҳузурга эришиб, камол топди. Улар орасида Хожа Яъқуб Чархий ҳамда аллома Саййид Шариф Журжоний машҳурдир. Буюк олим Сайид Шариф Журжоний бундай дейди: “Мен Зайниддин Али кулол билан кўришгач, рофизийликдан қутулдим. Шайх Алоуддинни танигач, Аллоҳни танидим”. Ҳазрат Аттор маънавий юксаклик баробарида кучли таъсир этиш қобилиятига ҳам эга эди. Шу боис Аллоҳнинг изни билан кўп инсонларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлди. Шайх сўзларидан баъзилари: “Нафсни тарбия қилишдан мурод жисмоний боғланишлардан кечиб, руҳият ва ҳақиқат оламига йўналишдир. Банда истак ва орзуларини жиловлаб, Ҳақ йўлида тўсиқ бўладиган нарса ва ҳодисалардан узоқлашмоғи лозим. Қачон банда ўзини дунёга боғлаб турган нарсалардан исталган онда воз кеча билса демак, улар йўлига тўсиқ бўлолмайди. Агар воз кечолмай, кўнгли унга боғланиб турса, бу риштани узуш лозим бўлади. Устозимиз Шайх Нақшбанд бу мавзуда шу қадар эҳтиёткор эдики, агар янги либос кийса, “Бу энди фалончиники”, деб бир кишига ҳадя этар ва ундан омонат тарзида олиб киярди. Хожа Нақшбанд вафотидан етти йил ўтиб, Хожа Алоуддин муридлари билан у кишининг қабрини зиёрат қилишга боради ва қабр зиёрати ҳақида бундай дейди: “Олим ёки авлиёнинг қабрини зиёрат қилишдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир. Яъни улуғлар руҳи шарифини ёд этиш орқали Яратганнинг ризолигини топиш. Кўринишдан халққа қилинган камтарлик ҳақиқатда Ҳаққа камтарлик қилишни англатмоғи керак. Инсонларга камтар бўлишдан мақсад ҳам Аллоҳнинг розилигини исташдир. Солиҳ зотларнинг қабрини зиёрат қилиш фойдалидир”. Аллома ҳижрий 802 (мил. 1400) йили ражаб ойининг йигирманчи куни вафот этади. Қабри ҳозирги Денов шаҳрида. Қабрининг шимол тарафида мустақиллик йиллари аҳоли томонидан кичикроқ масжид қурилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan