МАДАНИЯТ САЛОМАТЛИК ТУРИЗМ Фойдали

“Хўжаипок” зиёратгоҳи

Олтинсой туманида жойлашган “Хўжаипок” зиёратгоҳи табиат мўъжизаларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. “Хўжаипок” олтингугуртли булоқ суви  45 метр чуқурликдан, яъни кичик ер ости дарё сувларидан оқиб чиқади. Ғордан секундига  200 литр сув оқиб чиқади. Ғорнинг 1 литр суви таркибида 10-11 млгр. олтингугурт мавжуд бўлиб, тери, ошқозон-ичак, артрит, асаб касалликлари, акушер-гинекологик касалликларга даво.

1995 йилда ғор атрофида “Хўжаипок ота” оромгоҳи ташкил этилган. Бу ерда одамларнинг соғлиғини тиклаши, мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган, ғор ичида табиий ванналар ҳам мавжуд.

“Хўжаипок” дарасининг икки томони арча, бодом, ирғай, олма, олча, писта сингари дарахтлар билан қопланган. Бу ерда қўзиқулоқ, шувоқ, андиз, ковул, отқулоқ, қирқбўғим, тоғялпиз, тоғпиёз каби доривор ўт-ўланлар ўсади. Наботот олами ранг-баранг, ҳавоси мусаффо, ўзани эса серсув бўлишида Бештахта, Ҳовуз, Тангибодом, Зардиқум сингари кичик сой ва жилғалар муҳим аҳамиятга эга.

“Хўжаипок” дараси шу номдаги қишлоқ ҳудудида тугаб, Хўжаипок дарёси бошланади. Унинг узунлиги 91 километрдан иборат бўлиб, Олтинсой тумани орқали оқиб ўтиб, Тентаксой дарёсига,  сўнгра Шўрчи туманининг шимолий томонидан Сурхон дарёсига қўшилади.

Бу ерда улкан тоғ қояси бўлиб, унинг тагидаги ғордан катта тезликда сув отилиб чиқади. Оқим бўйлаб чамаси 30 метр юрсангиз, табиатнинг яна бир ноёб туҳфаси — ер остидан фавворадек қайнаб чиқаётган булоққа дуч келасиз.

Мутахассисларнинг айтишича, бу жойлар турли шифобахш маъданларга бой. Айниқса, жигар, буйрак ва тери касалликларини даволашда қўл келади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan