САЛОМАТЛИК

Ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даво «қора доналар”

Муқаддас Китобимизда инсонларнинг фойдаси учун яратилган турли неъматлардан намуналар келтирилган. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган айрим ҳадиси шарифларда  бу неъматларнинг инсон соғлиги учун фойдалари ва соғлом яшаш воситалари экани маълум қилинган.

Седана

Седанани ўлимдан бошқа ҳамма дардларга шифо деб билишган. Жолинус ҳаким айтишича: «Седананинг манфаати кўп бўлиб, қорин дамини ҳайдайди, меъда қуртини ўлдиради ва кўзда пайдо бўлган сувга фойдалидир. Агар уни това устида қовуриб, кўк латтага олиб ҳидласа, гриппни даф қилади. Агар майдалаб эзиб, пешонага боғласа бош оғриғини қолдиради. Сурма каби кўзга суртса, унинг қизиллигини кетказади. Агар сирка билан қўшиб боғланса, обила (қадоқ)ни узади. Балғамли шишларни қайтаради. Агар еса, она сутини кўпайтиради ва пешобни суради. Унинг мойи инсонни ёш сақлайди. Соқол ва сочнинг ўсишини тезлаштиради. Заҳарларни тортади».

«Тибби набавий»да келтирилишича: «Седана билан нон бодларни суради. Бош оғриғини ва ич кетишини тўхтатади. Юз қийшиқлиги, сакта, оғир ухлашлик, эссизлик, бош айланиши ва кўз олди қоронғулигига манфаатлидир».

Седана инсон танасидаги иммунитетни қувватлантиргани туфайли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишининг олдини олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Ибн Сино эса «Седана – вужуд энергиясини тузатади, касалликлардан йўқ бўлган бактерияларни тиклайди», деган. Седана иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, рак, ОИТС каби касалликларга қарши тавсия этилади. Қон босимини меъёрига олиб келади,  иситмани туширишда табиий антибиотик таъсир кучига эга.