ДУНЁ

Европада карантин чекловлари аста-секинлик билан бекор қилинмоқда

Европада чеклов чоралари аста-секинлик билан юмшатилмоқда. Бундан кўпчилик хурсанд бўляпти, албатта. Бироқ мутахассислар бу ҳолат касалланиш билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига олиб келишидан хавотирда.

Италияда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланяпти, янги ҳолатлар бўйича ўсиш суръати пасайишда давом этяпти. Бир кун давомида 1075 нафар одамда коронавирус аниқланган. Бу эса душанба кунги кўрсаткичга нисбатан 146 тага камдир. 12-мартдан бери ёпилган кафе ва ресторанларда тозалаш ишлари олиб бориляпти. Бироқ мижозлар бу каби умумий овқатланиш нуқталарига шошилишмаяпти, улар таомларни ўзлари билан олиб кетишни маъқул кўришмоқда.

11-майдан бошлаб Франция карантиндан чиқишни бошлайди. Кўчаларда автомобиллар сони кўпайган. Сешанба куни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда 28 мингга яқин коронавирус билан касалланган одамлар шифоxоналарда даволанаётганини маълум қилди.

Германияда эса бир нечта федерал штатлар ўз ҳудудидаги ресторан ва меҳмонxоналар фаолиятининг қайта бошланиши ҳақида эълон қилди. Роберт Кох институти мутахассислари аҳолини коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини ҳакида огоҳлантирмокда. Бироқ, олимларнинг таъкидлашича, мамлакат бундай вазиятга яxши тайёрланган.