ДУНЁ

Тожикистон: Эпидемиологик вазият, карантин тадбирлари …

Тожикистонда расмий маълумотларга кўра 5 май куни соат 17.00 гача 293 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Касаллик туфайли 5 киши ҳаётдан кўз юмган;

Тожикистон Президентининг фармонига асосан 5 майда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Насим Олимзода “бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан” вазифасидан озод қилинди. Унинг ўрнига пойтахтдаги “Истиқлол” шифохонаси директори лавозимида ишлаб келаётган, тиббиёт фанлари доктори Жамолиддин Абдуллозода тайинланди;

Душанбе мэри Эмомали Рустам эса пойтахтдаги иккита қурилиши тугалланмаган иншоотларни шифохонага мослаштириб тиклаш бўйича топшириқлар берган. Мазкур бинолар 800 нафар коронавирусга чалинганларни қабул қилиши мумкинлиги қайд этилмоқда, хабарда;

Мамлакатдаги яна бир партия – Тожикистон социал демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров ҳам кеча 5 май куни ўзининг Facebook саҳифасида 8 кундан буён коронавирус билан оғриётганини маълум қилган. “Саломатлигингизни эҳтиёт қилинг. Дўстларимдан уйга келмай туришларини сўрайман”, деб ёзган Зоиров;

АҚШнинг Тожикистондаги элчиси, 4 май куни Америкадан махсус рейс орқали олиб келинган мамлакат фуқаролари ўзларини яхши ҳис қилишаётганини, саломатликлари яхшилигини билдирган. Унинг хабарига қараганда, авиарейсда қайтган тожикистонликларга 14 кун карантинда қолишларига тўғри келади;

Шунингдек, кеча 189 нафар Россия фуқаролари “Урал авиалиниялари” компаниясининг махсус авиарейсида Тожикистонни тарк этди. Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси ушбу қатновни ташкил этишда ёрдам берган ҳар икки мамлакат мутасаддиларига миннатдорчилик билдирди;

Тожикистон таълим ва фан вазири Муҳаммадюсуф Имомзода барча ўқув муассасалари раҳбарларига талабаларни шартнома тўловларини тўламаганлик учун ўқишдан четлаштирмаслик юзасидан топшириқ берди. Тўлов контракт асосида ўқувчи талабалар COVID-19 билан боғлиқ вазият юмшагандан кейин тўловларни амалга оширишлари мумкинлигини маълум қилган у;

Айни вақтда “Истиқлол” футбол клуби президенти Шохрух Саидзода ва Тожикистон Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи ўзларининг бир йиллик иш ҳақларини COVID-19нинг олдини олиш учун тузилган республика жамғармаси ҳисобига ўтказиб беришди.

Azia-Plus