МУЛОҲАЗА

“Қараб тур, ҳозир сенга сериал қўяман”

Ўқувчилигимда устозимиз савол берди: “Россия телеканалини кўраётганимиз учун Россия давлатига биз пул тўлаймизми ёки улар?”… Теледастурлари орқали уларнинг маданиятини, қарашларини, қайсидир маънода, қабул қилаётганимиз учун улар бизга пул тўлашини ўша куни билиб олдик.

Инсон тафаккури атрофдаги жараёнларга нисбатан доимий реакцияда. Бунга оддийгина мисол, кишиларнинг бир-бири билан мулоқотини кузатинг: гапдаги оҳанг ва маънога қараб суҳбат ўзани, “об-ҳаво”си белгиланиб боради.

“Қараб тур, ҳозир сенга сериал қўяман” ибораси кундалик мулоқотларимизга қачон қўшилганини пайқамай қолдик. Бирон вазиятдан жаҳлланган “жабрдийда” кўнглини оғритган “томон”га мантиқсиз томоша билан жавоб қайтариш қасдида шу иборани қўллайди. Ва, афсуски, ўша вазиятга бу гапнинг маъноси “узукка ярашган кўз”дек тушади.

Сериаллар ҳаётининг мазмунига айланганлар кўпчилликни ташкил этади, афсуски. Европа, турк, ҳинд, мексика, корейс каби бир қатор миллатларнинг кўп қисмли “кино”лари турмуш тарзимизга сездирмасдан, сезиларли даражада сингиб боряпти. Воқеалар ривожидаги ота-она ва фарзандлик бурчи, оилавий муносабатларга енгил қараш, инсонийлик мақомига эътибор  ўзини билган одамни йиғлатиши керак. Андишасизлик, одобсизликнинг турфа вариантларини ўргатувчи текин репититор.

Бир неча йиллар илгари, ҳатто, телеэкранда сал очиқроқ кийинган кишига қарашга кўзимиздан уялар эдик. Бугун атрофимиздаги андишасизликлардан хижолат тортмасликка ўргандик. Ёт маданиятга шундай мослашяпмизки, салом берсак, алик олувчига малол келмасмикан деб ўйланадиган даражада. Савиясиз, олди-қочди воқеалардан иборат сериаллар намойишидан мақсад нима?! Вақтдек бебаҳо неъматни ҳавога совуришми, умрни алдашми? Инсонларга “сув юқмас” бўлишни ўргатишми ёки “замонавий”ликни?

Бир гал икки, ёш боланинг тортишаётгани устидан чиқиб қолдим. Бири иккинчисига эътирозини билдириш учун “тентакмисан” сўзи ўрнида “сагармисан” танбеҳидан фойдаланди. “Сагар”ни суриштирдим. “Ишани” номли ҳинд сериалидаги бош қаҳрамон “образи”даги йигитнинг исми экан. Томошабинда бир оз эзма, оғма, шахсий қарашга эга эмас инсон тушунчасини уйғотадиган сифатлар билан таассурот қолдирадиган қаҳрамон ролида ўйнаган. Мактаб ёшига етмаган болаларнинг унга берган мақомидан завқланиб кетдим. Катталар нега Сагарнинг “сагар”лигини англамайди?

Минталитетимиз билан мақтанамиз, одатда. Юртимиз телеканалларида узатилаётган деярли барча сериалларни оила даврасида кўриш ўзбек урф-одатлари руҳидаги инсоннинг юзини қизартириши турган гап. Юз фоиз қоралаш хато бўлар, аммо бир томчи қора ранг бир челак сувнинг тусини ўзгартириб юборади.

Аждодларимиз фожеа санаган ҳаракат, воқеаларни бугундошларимиз одатий ҳолга айлантириб олаётганлигининг ижтимоий тармоқлар орқали кунора гувоҳига айланяпмиз. Афсуски, сериаллар томошабинларини “сериал”лар қўйишга ўргатиб боряпти.

Наргиза ОДИНАЕВА