ЖАМИЯТ

Сурхондарё адабий жамоатчилиги ва журналистикаси жудоликка учради

Таниқли тележурналист ва шоир, Термиз давлат университети ўқитувчиси Баҳром Нормуродов узоқ давом этган оғир хасталик туфайли вафот этди.

Баҳром Нормуродов 1981 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида дунёга келди. 2003 йилда Термиз давлат университети ўзбек филологияси факультетининг бакалавриат, 2007 йилда магистратура босқичини тамомлади.

Меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлади, олийгоҳ талабаси бўлган илк йилданоқ вилоят телерадикомпаниясига ишга қабул қилинди. Камтар, камсуқум, иқтидорли ва меҳнаткаш бўлгани боис ҳам жамоада ўз ўрнини тез топди, яхши кўрсатувлари билан кўпчиликнинг назарига тушди. У “Сурат ва сийрат” туркумидаги кўрсатувлари орқали томошабинларни адабиётимиз, санъатимиз ва фанимизнинг етук намоёндаларининг шахсияти, илмий-ижодий имкониятларига янгича нигоҳ билан боқишга ундади. Шунингдек, Сурхондарё этнографияси, қадриятлари ҳақида ҳам вақтлар ўтиб қадри ошиб борадиган бадиий-ҳужжатли кўрсатувлар тайёрлади.

Баҳром Нормуродов “Туркиcтон”, “Сурхон тонги” газеталарида ҳам фаолият кўрсатди. Шу давр мобайнида унинг бадиий публицистик мақолалари, ижтимоий мавзудаги таҳлилий чиқишлари ҳам муштарийлар томонидан илиқ қарши олинди.

Термиз давлат университетида юзлаб шогирдлар етиштирди. Улар Баҳром Нормуродовдан билим олиш баробарида чин инсоний фазилатларни ҳам ўргандилар. Бу эса ёш шогирдларининг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмак берди.

Истеъдодли ижодкор, моҳир педагог илмий-ижодий салоҳияти айни камолга етган навқирон ёшида ҳаётни эрта тарк этди. Баҳром Нормуродовнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Diyor24.uz таҳририяти