ЖАМИЯТ

Боботоғда янги назорат-ўтказиш пункти ишга тушди

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош Боботоғ массивида янгидан барпо этилган назорат-ўтказиш пункти фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, икки мамлакат қўшни туманлари аҳолиси, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
photo_2019-03-03_10-00-35.jpg
Узун тумани ҳокими Я.Хидиров, қўшни давлатнинг Хатлон тумани ҳокими Ш.Жумазода ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида азалий дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани барча соҳалардаги ўзаро муносабатларда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.
– Тоғли массивимиз Тожикистоннинг Хисор, Рудаки туманлари билан чегарадош, – дейди Узун тумани Толтўғай маҳалласида яшовчи Н.Маматов. – Ушбу ҳудудлардаги қишлоқларда аввалдан қавму-қариндошларимиз яшаб келган. Қуда-анда бўлиб кетганмиз. Назорат пунктининг ишга туширилгани борди-келди муносабатларимизни жуда осонлаштирди.
photo_2019-03-03_10-00-56.jpg
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида мамлакатимизни Тожикистон Республикаси билан боғлайдиган учта назорат пункти фаолият юритиб, қўшни давлат фуқароларининг Сурхон воҳасида, сурхондарёликларнинг эса Тожикистонда қавму-қариндошлари, дўсту-биродарлари билан эмин-эркин борди келди қилишига хизмат қилмоқда. Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга, бизнес билан шуғулланишига қулай муҳит яратаётир.
– Узун тумани Тортўғай маҳалласида қариндошларимиз бор, – дейди Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти Гулистон қишлоғида яшовчи Х.Тоғайназаров. – Қадимдан аждодларимиз бир дарёнинг сувини ичиб келади. Тўй ва маъракаларимиз бирга ўтган. Янги назорат пункти ишга туширилгани узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилганидан хурсандмиз.
Маросимда Узун тумани ҳокимлиги тожикистонлик меҳмонларга нон, сумалак ва бошқа ширинликлар улашди. Дастурхонга ош тортилди. Саньаткорларнинг тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ҳақидаги куй-қўшиқлари барчага байрам кайфиятини улашди.