АДАБИЁТ

МЕНИНГ УМРИМ ҲАЛИ БОШЛАНГАНИ ЙЎҚ

Менинг умрим ҳали бошлангани йўқ,

Кутган рангига оч ҳали кўзларим.

Лабим қуригани билан қорним тўқ,

Тақдирнинг муҳридай ботиқ изларим.

 

Тухум босаяпти какку инида,

Ўтиб кетаяпти дунё ҳувиллаб.

Ўғрилар уйғонса  қадр тунида,

Ўзим бутун кирсам ўзимга йиғлаб.

 

Дўмбиранинг тори бўзлаб ўқиган,

Достоннинг “оҳи”дай кўнгил жазодир.

Чақмоқ, довул, ёмғир шомдан тўкилган,

Бари вазнсизлик ичимда содир.

 

Бир зум тингани йўқ томиримда пойга,

Кулдим, пойимдаги ерни аллалаб.

Доғи тўлган сайин шайдоман ойга,

Бўри “ув”идаги бахтни чамалаб.

 

Баҳор очилади олча шохида,

Пастларга обқочар дарё сувини.

Яшагиси келар одам гоҳида,

Эшитмоқлик учун руҳнинг “ув”ини.

Наргиза ОДИНАЕВА