
Маърифатпарвар боболаримизнинг ижодий мероси, айниқса, ҳали адабий жамоатчиликка номаълум бўлган асарлари доим олимларни ўйлантириб келган
Чўлпон беқиёс шоир бўлиши билан бирга моҳир драматург ҳам эди. Aммо унинг асарларининг муайян қисми йўқолган ёки яширилган, деган фикрларни тарихчилар, адабиётшунослар доим илгари суради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, “Замона хотини“ ҳам Чўлпоннинг бугунга қадар қўлёзма нусхаси топилмаган нодир пьесаларидан бири эди.
Ҳеч кутилмаганда Aлишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фондидан асарнинг арабий имлодаги қўлёзма варианти топилди.
Энг муҳим жиҳати, қўлёзма устидан Чўлпон хати билан тузатишлар, изоҳлар киритилган, сўзбоши ҳам ёзилган. Aсарда замон шамоллари таъсири сезилса-да, у ҳалоллик, меҳнат, инсон шаънини авайлаш каби азалий қадриятлар устига қурилган.
Шунингдек, боласини бағрига босганча, янги ижтимоий муносабатлар ичига қисиниб-қимтиниб кириб бораётган ўзбек аёли ҳақида сўзлаб, тўғрироғи, кўрсатиб беради.
Мазкур китобни нашрга тайёрловчи — Шаҳнозахон Назарова. Китобга адабиётшунос олим Жаббор Эшонқулов масъул муҳаррирлик қилган. Муҳаррир — Улуғбек Халилов.
Ношир – Aҳмад Тўра. Дизайнер – Муҳаммадхон Юсупов. Ушбу китоб 1000 нусха адад билан “Ижод Нашр“ нашриётида чоп этилган.