АДАБИЁТ МУЛОҲАЗА

Истиғфор. Сен – энг…

Болалигимда  бибимнинг  узун  ва   учи   қўнғироқ сочларини  ушлаб  юришни яхши  кўрардим, ундан  доим  қалампирмунчоқнинг  ҳиди  анқирди.   Бибим жуда  хушрўй  эди. Айниқса, жойнамоз  устида   янада  сулувлашиб    кетарди.  Намозини  тугатгач, ундан  сўрардим: –  Дунёда  энг  чиройли  ким? Бибим  кўзларига тўлган  нурнинг тилида  иккиланмай: –  Оламдаги  энг  гўзал  зот  Аллоҳдир, – дерди… Ўшанда  ҳаммадан  чиройли,  кўркамлигингни  билганман.

***

Уруш кўрган бобомнинг хотираларини  титкилашдан завқ топардик,  ҳоли-жонига  қўймай  гапиртирардик.  У  хотираларини  сўзлаб  туриб, бир воқеага етганда  бўғзига  кўз   ёши тиқилиб  қоларди: …Тезоқар  дарёнинг  бўйидаги  немис қишлоғига  элликка  яқин  аскар  кириб  бордик. Бизга шу қишлоқни қолган-қутган фашистлардан тозалаш буюрилган эди.  Биз  автоматлардан  тинимсиз  ўқ  отиб  боряпмиз. Бир маҳал  хароба  уйнинг ичидан  икки  гўдагини  икки  қўлида  маҳкам қучоқлаган  немис аёли  чиқди, у югурганча  шиддат билан оқаётган  дарё  томон ошиқарди. Беихтиёр ўқ  отишни тўхтатдим  ва  шерикларимга   ўгирилиб  қарадим, улар ҳам отишдан  тўхтаган эди.  Фақат  украиналик  йигит ҳамон  отар ва  бақирарди: –  Мана  бу  синглим  учун,  буниси  онам  учун… Унинг қўлидан биргалашиб автоматни тортиб олдик. Йигит   аламзадалик  билан  ўкириб  йиғларди.  Немис  аёли  эса  болаларини  қучоқлаганча  ўзини  дарёга  отди  ва  нариги  қирғоққа  сузиб  ўтмоқчи  бўлди.   Биз  таҳлика  ичида  уни  кузатардик. Аёл дарёни кечиб ўтишда анча машаққат чекди, узоқ уринди, охири соҳилга яқинлашганда икки  боласини қирғоққа юмалатиб юборди, аммо  ўзини  қутқаришга мажоли  етмади, у  оқиб кетаркан ўз  тилида  нимадир  деб  бақирди.  Шунда  соҳилга  туташган  ўрмон ичидан  бир  эркак   югуриб  чиқди-да,  икки  болани олиб, кўздан ғойиб бўлди. Ўша  немис  аёлининг  икки  боласини  кўтариб, оёқлари  билан  жон ҳолатда  сузгани  ҳали-ҳали  хаёлимдан  кетмайди… Бобом   ушбу   воқеани  гапириб  бўлганидан  сўнг  узоқ  сукутга   чўмар, юзидаги  ажинлар  ариқчага  айланиб, кўз ёши оқарди. биз  уни  овутардик: – Бобожон,  бобожон,  сиз  дунёдаги  энг  меҳрибон  одамсиз… Бобом  эса   кўкка   ишора   қиларди: – Энг  меҳрибон, раҳмдил   Аллоҳдир. Меҳрни   кўнгилга  у  солади… Ягона   меҳрибон  Зот  эканлигингни  болалигимданоқ  англаганман.

***

Ўқувчилик пайтлари синфимизда ғирт  безори  Жалол  деган  бола   ўқирди. у ҳеч ким ва  ҳеч  нарсадан  қўрқмас эди, доим  юзи  қашқа  бўлиб  юрарди.  Мактабда  бирор  нохуш   воқеа  юз   берса  ундан  кўришарди. Ҳеч  кимга  қўшилмасди.  Биз ундан  қўрқардик. Ҳатто  бир гал  ўзига  оро  бериб  юрадиган, жаҳли тез,  барчамиз ҳайиқадиган рус тили  муаллимасининг  юзига  тик  қараб: –  Сиз  ёмон аёлсиз,  дадамни  тинч   қўйинг, – деб  сумкасини  кўтарганча   синфдан  чиқиб  кетган. Ҳа,  у  кучли  эди,  шунданми  ўзига  ҳаддан ортиқ  ишонарди. Бир куни  танаффус   пайтида  синфимиз  ойнасини  кимдир  синдирибди. Табиийки, мактаб  директори  синфга  кириб  гуноҳкор  сифатида  Жалолга қўлини  бигиз  қилди: – Айт, қачонгача  сенинг  бемаъни  қилиқларингга    чидаймиз, – деди. Жалол   шарт  ўрнидан  турди-да: – Бу  менинг ишим  эмас, нега ҳар доим ҳамма айбни  менга  тўнкайсизлар, – деди тишларини ғижирлатиб. Мактаб  директори  гапида  туриб  олди. Шунда Жалол тўрт томонга  жовдираб  боқди. (Шу  паллада у  жуда ночор эди) ва  қўлини  кўксига  қўйиб  чинқирди: – Худо  урсин,  агар  деразани  синдирган  бўлсам… Барча кучлилардан кўра кучли, қудратли эканингга безори  синфдошимнинг  шу бир  оғиз  гапи мени  ишонтира   олган…

 

Ҳалима АҲМЕДОВА,

шоира

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan