ЖАМИЯТ

Бойсундаги селдан ҳеч ким талофат кўрмади

Жорий йилнинг 13 май куни кўп ёмғир ёғиши оқибатида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Ойбарак сойига соат 17:30 да кучли сел келганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Сой ёқасидаги Пасурхи маҳалласининг 80 та хонадонидан биронтасига зарар етмаган.

Туманнинг Ҳунармандлар маҳалласидан оқиб ўтувчи “Авлод” сойи орқали сел келиши оқибатида “Авлод” ҳамда “Сариосиё” қишлоқларини боғлаб турувчи кўприкни сув босганлиги сабабли автомобилларнинг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилган. Кўприкка жиддий шикаст етмаган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, шу куни соат 21:00 да Олтинсой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Олтинсой” сойининг сув ҳажми сезиларли даражада ошгани ҳам кузатилган.

Мазкур ҳолат натижасида сув тошқини юзага келиши мумкинлиги сабабли вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) куч ва воситалари ёрдамида ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар хавфсиз яъни, яқин қариндошлари уйларига вақтинчалик кўчирилди.

Жумладан, Карсаган, Ботош, Қорлиқ, Қумпайкал, Наврўз, Маданият, Янги қурилиш, Хўжаипок, Вахшивор-2, Гулистон маҳалларидаги 180 хонадонда истиқомат қиладиган 900 киши хавфсиз ҳудудларга кўчириб ўтказилди. Уйларга зарар етмади.

Ҳар иккала туманда юз берган ҳолат бўйича ҳалок бўлган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Вазият вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Айни пайтда бошқарма қутқарувчилари ва ФВДТнинг 150 дан ортиқ ходими ҳамда етарли техника воситалари ёрдамида сел оқибатлари бартараф этилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan