ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА

Нега жимсиз раҳбаржонлар?! «Иштончани алмаштириш» билан битмайдиган ишлар…

  • Иштончасини ҳўл қилиб, онасига жимгина, мунғайиб термулган болакайни кўз ўнгингизда гавдалантиринг. У ишкал қилиб қўйгани учун сукут сақлаяпти, эркаланиб бақира олмаяпти. Бундай вазиятда боланинг иштончаси алмаштириб қўйилса, муаммо ечилади. Аммо, жамоатчилик сўровига расмий идораларнинг жавоб бермай мум тишлаб туриши, сукут сақлаши “иштончани алмаштириш” билан битадиган иш эмас-да. Бундай жим туриш мутасаддиларга нисбатан, уларга мана шу ваколатни ишониб топширган давлат ва жамиятга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини ифодаловчи асосий минбарга айланди. Улар орқали ҳатто чекка ҳудудлардаги аҳоли муаммоларини одамларнинг ўзларидан эшитяпмиз, кўряпмиз.

Расмий сайтимиз томонидан ҳам бир қанча масалаларда воҳадошларимизнинг фикрлари раҳбарлар ҳукмига ҳавола этилмоқда. Уларга нисбатан муносабатларни, муаммолар ечими бўйича бажарилаётган ишларни ҳам баҳоли қудрат ёритиб боряпмиз.

Аммо, кўп ҳолларда айниқса мурожаатларга нисбатан мутасадди “қулоқларини беркитиб, тилларини тишлаб” туришибди. Хусусан, diyor24.uz саҳифаларида берилган “Сурхондарёлик марҳум адибларни нега хотирлашмаяпти ёки “шоирона мадҳлар-у баландпарвоз гаплар” ҳақида”, “Келинчакнинг сирли ўлими”, “Термиз шаҳар секторлари раҳбарлари диққатига: Ёмғирда туғилган “муножот” каби материаллар бўйича бирон-бир амалий ҳаракат сезилмади. Ваҳоланки, алоқадор ташкилотларда кимдир ахборот ёки матбуот хизмати учун иш ҳақи оляпти. Масъул раҳбар ҳам мана шундай луқмани ҳазм қилиб ётибди-ку!?

Шунингдек, вилоятимизда расмий муносабатларни хўжакўрсинга, атайин қонуний асослантирилмаган шаклда, асл вазият, ҳолат батафсил ўрганилмасдан эълон қилишни урфга киритишмоқда.

Масалан, саҳифаларимизда берилган “Шўрчида тутзор бузиляптисарлавҳали материал бўйича Шўрчи туман ҳокимлиги мантиқсиз бир муносабат эълон қилди ва тўғриси уни чоп қилишга уялдик. Ўйлаб кўринг, тутзор бузиляпти, фото, видео матареиаллар бор, мурожаат йўллаган фуқаронинг исми, шарифи ҳам келтирилган. Шундай бўлишига қарамасдан Шўрчи тумани ҳокимлигининг расмий муносабатида “… ажратилган ер участкаси тутзор плантациясига мутлақо алоқаси бўлмаган ер майдони”, “… мақолада чоп этилган фотосуратлар, қайси ҳудуд ва қачон, ким томонидан, нима мақсадда тушурилганлиги ҳамда ушбу ҳолат тумандаги назорат қилувчи органлар томонидан қайд этилмаган”, “… тутзор кўчатларига етказилган зарарлар тўғрисида хабарнома ёҳуд мурожаатлари туман ҳокимлигига келиб тушмаган” деб ёзилган. Барака топгурлар видеоматериалда тутзор бузилаётгани кўриниб турибдику, ҳоким қарорида тутзор эмас, бўш майдони дейилганини ўқиш учун саводларинг ҳам етса керак?! Энди, … кўзга чўп тиқиш ҳам эви биланда!

Русларда “Надежда умирает последней” ибораси ишлатилади. Биз мутасадди идоралар раҳбарларига бир кунмас бир кун келиб тил-у забон битади, деган умиддамиз. Агар ўша кун келса, уларнинг айтганларини, иншоллоҳ сиз қадрли ўқувчиларимизга ҳам етказгаймиз.

Умидни сўндирмайлик, 100 йилдан кейинмас, 1-2 йилда яхши бўлиб қолар …