ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда келинчакнинг “сирли” ўлими

Термиз туманидаги “Нурафшон” маҳалласида яшовчи онаизор Махпурат Ҳасанова қизининг ўлим сабаблари бўйича аниқ жавоб ололмай, икки йилдан буён идорама-идора сарсон бўлиб юрганлигини маълум қилаяпти.

Унинг қизи Мафтуна Ҳатамова 2017 йилнинг кузида Бойсун туманининг “Чилонзор” маҳалласидаги ….лар оиласига келин бўлиб тушган. Куёвтўра туман ИИБ ходими.

“Икки ёшнинг турмуши бошланишда яхши эди, – дея эслайди онаизор, – аммо, орадан икки ойлар ўтгач орага совуқлик туша бошлади. Куёвимизнинг қандайдир аёллар билан хуфёна гаплашишлари, сирли СМСлар қизимда шуҳба уйғотмасдан қолмаган. Бу гаплардан хабар топгач қизимникига бордим, уни юпатдим. Агар, ўша “ойимчалар” билан шахсан ўзим гаплашмаганимда ҳам қизимнинг гапларига ишонмаган бўлардим”…

Оиладаги келишмовчилик охири ўлим билан якун топган. 2018 йилнинг 9 январ кечаси ҳали келинлик либосини ечмаган Мафтунанинг яқин орадан ўтувчи катта йўлда “КАМАЗ” машинасининг қай тариқа остида қолиб кетганлиги ҳақидаги сирли сабаблар бўйича онанинг эътирозлари нега ўрганилмаган?

Иддаоларга асосланиладиган бўлса, ушбу воқеа бўйича тергов ишларини олиб борган Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими нега масалага бир томонлама ёндошган, ўлим сабабларига аниқлик киритилмаган, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари инобатга олинмаган? Шунингдек, ушбу жиноят иши юзасидан адвокат сифатида қатнашган  Т.А. Джабборовнинг 2018 йил 11 майдаги “”…Жиноят иши юзасидан тўпланган материалларга ҳимоя назарида асосланмасдан чиқарилган қарор…” бўйича эътирозлари (адвокат илтимосномасида сана 2017 йил 11 май кўрсатилган бўлиб, бу муаллифнинг техник хатоси ёки атайин қилинган бўлиши эҳтимоли бор. Ҳар қандай ҳолатда воқеа 2018 йилда содир бўлганлиги эътиборга олиниб, мазкур хато ё тузатилиши, ёки тузатилиб ўқилиши ёхуд қайта ёзилиши керак эди) нега эътиборга олинмаган?

Иш нима сабабдан ими-жимида ҳаракатдан тўхтатилган ёинки ўлим билан боғлиқ бўлган мазкур жиноят иши нега ўрганиш учун юқори прокуратура органларига юборилмаган? Хуллас, фарзанд доғида куйган онаизорни қийнаётган саволлар жуда-жуда кўп…