ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёлик марҳум адибларни нега хотирлашмаяпти ёки “шоирона мадҳлар-у баландпарвоз гаплар” ҳақида

Бу йил Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Шукур Холмирзаев таваллудига 80 йил тўлади. Адиб 1940 йил 24 март санасида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Бутун ҳаётини адабиётга, ижодга бағишлаган Ш.Холмирзаев А.Қаҳҳордан кейин ўзбек адабиётида ҳикоячиликда мактаб яратган адиб сифатида эътироф этилади.

Адиб таваллудига кўп фурсат қолмади. Март ҳам тобора яқинлашмоқда. Бироқ, афсуски Ёзувчилар уюшмаси ҳали-ҳамон жим! Бундан икки йил аввал Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги номигагина ўтказилган эди. Яхшиям адибнинг рафиқаси Маъсума опамиз борлар, у кишининг саъй-ҳаракатлари билан тадбирлар ўтказилди, хотирланди. Мен Республика ёки вилоят миқёсида бирон-бир катта бир тадбир ўтказилганини эслай олмайман. Кичик давралардаги учрашувларни ҳисобга олмаганда, албатта.

Уюшманинг Сурхондарё вилояти бўлими ҳам фаолият юритяпти. Уни бир неча йиллардан буён шоир Менгнор Олломурод бошқариб келадилар. Бу бўлим ўзи нима билан шуғулланяпти? Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатсангиз, фақат бўлим раиси, ходимлари, аъзоларининг ташкилотларда учрашувларда нутқ сўзлаётгани акс этган суратларни, шоирона мадҳлар-у баландпарвоз гаплардан бошқа нарсани кўрмайсиз. Агар ёлғон бўлса, айтсинлар-чи, уларнинг ташаббуси билан Шукур Холмирзаев, Менгзиё Сафаров, Тоғай Мурод, Шафоат Раҳматулла Термизий, Нодир Нормат, Жамила Эргашеваларни хотирлаб бирон тадбир ўтказилдими? Ёки уларнинг бирон асари, хотира китоблари чоп этилдими? Маблағ масаласини рўкач қилишлари мумкин, лекин кўряпмиз, баъзи “савияли” китоблар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан чоп этиляпти!

Бугун ижод аҳлига, адабиётга шахсан Президентимиз томонидан юксак эътибор бериляпти. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг янги биносини кўрган ҳар қандай хорижлик ижодкор ҳам ҳавас кўзи билан қарайди. Юртимизнинг турли гўшаларида ижод мактаблари ташкил этиляпти. Адиблар хиёбонида яна 23 та адибга ҳайкал ўрнатилиши хабари ҳам кишини қувонтиради.

Лекин, 23 адиб рўйхати ичидан Ш.Холмирзаев ёки Т.Мурод номларини топа олмадим.  “Ўзбек халқига ҳайкал қўйиб” кетган адиб ҳайкали учун бир парчагина жой топилмабди-да, деган оғриқли ўй кечди, хаёлимдан.

Сурхондарёда Ш.Холмирзаев ва Т.Муроднинг ижод мактаблари очилишини орзу қиламиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бу фикрларимиз, таклифларимизни инобатга олишига умид қиламиз.

Обид Шофиев

P/S: Ушбу фикрлар нафақат сурхондарёликлар балки, барча юртдошларимиз учун аҳамиятга эга, бизнингча. Ёш ижодкор Обид Шофиевнинг мазкур чиқиши  юзасидан расмий идораларнинг, шунингдек, ўзини адабиётга, ижодга, журналистикага дахлдор ҳис қилган воҳадошларимизнинг муносабатларини кутиб қоламиз.